Коррупцияга қарши курашда адвокатларнинг касбий масъулияти оширилди
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида адвокатлар гуруҳи тингловчилари учун “Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари” мавзусида ўқув машғулоти бўлиб ўтди.
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларининг бош мақсади — қонун устуворлигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишдан иборат. Бу борада жамиятда адолат мезонини ўрнатувчи муҳим институт ҳисобланган адвокатура соҳасини тубдан такомиллаштириш ва унинг мустақиллигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, тизимда шаффофликни таъминлаш, коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш ҳамда адвокатларнинг соҳага оид ҳуқуқий билим ва кўникмаларини мунтазам ошириб бориш давр талабига айланди.
Бу каби чора-тадбирлар фуқароларнинг малакали юридик ёрдам олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини таъминлашда адвокатларнинг ролини ошириш ва соҳада шаффофликни қарор топтиришга хизмат қилади. Шу мақсадда ташкил этилган машғулотларда коррупциянинг олдини олиш, жамиятда унга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда қонунийлик, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш масалалари юзасидан тушунчалар берилди.

Қайд этилганидек, адвокатларнинг ушбу йўналишдаги билимларини мустаҳкамлаш фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишга, касбий фаолиятда ҳалоллик ва одоб-ахлоқ тамойилларига риоя этишга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА