Коррупцияга муросасиз муҳит қандай шаклланади?
Коррупцияга қарши курашиш фақат қонунлар ва жазо чоралари билан чекланмайди. У, аввало, ҳар бир инсоннинг ҳалолликни танлаши, ноқонуний таклифларга рад жавобини бериши ва қонунбузарликка нисбатан бефарқ бўлмаслигидан бошланади. Давлат ташкилотларида коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш, ходимларнинг масъулиятини ошириш ва очиқлик муҳитини мустаҳкамлаш бу борада муҳим аҳамиятга эга.
Коррупцияга қарши маданиятни шакллантиришда қайси омиллар муҳим? Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тизимида бу йўналишда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Комплаенс хизмати бошқармаси бош мутахассиси Латиф Холов қуйидагиларни гапириб берди:
– Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу борада ҳуқуқий ва институционал асослар такомиллаштирилиб, давлат бошқарувида очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни кучайтиришга қаратилган тизимли чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг 2025 йил 30 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони билан 2030 йилгача коррупцияга қарши курашиш тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди. Унда коррупциявий хавфларни барвақт аниқлаш, профилактик механизмларни кенгайтириш, рақамли технологиялардан фойдаланиш ва давлат органлари фаолиятида очиқликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Коррупцияга қарши маданият эса ҳеч ким кузатмаётганда ҳам ҳалол ишлаш одатидир. У, энг аввало, раҳбарнинг шахсий намунаси, ходимларнинг қонунбузарлик ҳақида қўрқмасдан хабар бера олиши ва ҳар бир мурожаатнинг холис кўриб чиқилишида намоён бўлади.
“Transparency International” ташкилотининг Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон 2018 йилда 23 балл тўплаган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 33 баллга етди. Бироқ 2025 йилда мамлакат 31 балл билан 182 давлат орасида 124-ўринни эгаллади. Бу коррупцияга қарши курашишда қонунчилик чоралари билан бирга, кундалик хатти-ҳаракатлар ва муносабатларни ўзгартириш зарурлигини кўрсатади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида мазкур йўналишдаги ишлар Комплаенс хизмати бошқармаси томонидан амалга оширилади. 2026 йил сентябрь ойида вазирнинг буйруғи билан коррупцияга қарши ички назоратни кучайтиришга қаратилган бешта янги тартиб тасдиқланди. Улар хабарларни қабул қилиш, ходимларни ўқитиш, ҳамкорларни текшириш, мониторинг ва ҳисобот юритиш жараёнларини қамраб олади. Ушбу талаблар вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва тасарруфидаги ташкилотларга ҳам татбиқ этилади.
Янги тартибга кўра, коррупциявий ҳолат ҳақидаги хабар бир соат ичида рўйхатга олинади, беш иш кунида дастлабки текширув ўтказилади ва бир ой ичида мазмунан кўриб чиқилади. Жиноят аломатлари аниқланса, материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади. Бунда хабар берувчининг шахси сир сақланади, аноним мурожаат қилиш имконияти ҳам мавжуд.
Шунингдек, вазирликда бюджет маблағларини тақсимлаш, давлат харидлари, солиқ имтиёзлари ва инвестиция лойиҳалари каби коррупциявий хавф юқори бўлган жараёнлар мунтазам баҳоланади. Ходимларни ўқитишда эса назарий билимлар билан бирга, совға таклиф қилиниши, манфаатлар тўқнашуви ёки ноқонуний топшириқ берилган ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклигига оид амалий мисолларга эътибор қаратилади.
Бу борада Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Ҳисоб палатаси ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ҳам муҳим ўрин тутади. Хусусан, йирик инвестиция лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш орқали улардаги эҳтимолий хавфларни олдиндан аниқлаш чоралари кўрилмоқда.
Вазирликнинг (71) 203-31-71 рақамли ишонч телефони, @IMV_antikorrupsiya_bot Telegram-боти ҳамда бошқа манбалар орқали келиб тушган мурожаатларда жиноят аломатлари бўлса, уларга оид материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, жумладан, прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар органлари ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилади.
Коррупция ҳолатларини фош этишга кўмаклашган фуқароларни пул мукофоти билан рағбатлантириш эса айнан ушбу ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 829-сон қарори асосида амалга оширилади.
Келгусида тизим самарадорлигини баҳолашда ўтказилган тадбирлар сонидан кўра, ходимларнинг хабар беришга тайёрлиги, раҳбариятга ишончи ва мурожаатлар натижадорлигига кўпроқ эътибор қаратиш зарур. Бунинг учун аноним сўровлар ўтказиш, мурожаат муаллифларига кўриб чиқиш натижалари ҳақида маълумот бериш ва идоралараро маълумот алмашинувини кучайтириш муҳим.
Коррупцияга қарши маданият биргина буйруқ билан шаклланмайди. У ҳар бир рад этилган ноқонуний таклиф, ўз вақтида берилган хабар ва ҳалол қабул қилинган қарор орқали мустаҳкамланади. Ҳалолликни кундалик ҳаёт меъёрига айлантириш эса ҳар бир ходим ва фуқаронинг масъулияти.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.