Коррупция – тараққиёт кушандаси
Тараққиётнинг илдизига болта урувчи иллат ҳисобланмиш коррупцияга қарши кураш кескин тус олгани мамлакатимиз ғоялари адолат мезонига қаратилаётганидан далолат. Ёш авлодга унинг оқибатларини етарлича тушунтириш орқали эса келажакда бу иллатнинг хавфини камайтиришга эришиш мумкин. Шу мақсадда таълимнинг турли босқичларида ва бошқа қатор ташкилотларда “Коррупцияга қарши кураш” мавзусида семинарлар мунтазам ўтказилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида жойлашган олий таълим ташкилотлари тьюторлари учун “Олий таълим тизимида коррупцияга қарши курашиш ва очиқликни таъминлаш” мавзусида семинар машғулоти ташкил этилди.

Тадбирда тизимдаги коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг мақсад ва вазифалари, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун ва моҳияти, коррупциявий ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноят тушунчаси, уни содир этганлик учун жавобгарлик, шунингдек, очиқ маълумотлар билан ишлаш каби саволлар бўйича тушунтиришлар берилди.
Машғулот давомида тьюторларга коррупция иллати ва унинг инсон, жамият ва давлатга етказиши мумкин бўлган оқибатларини ёритувчи ижтимоий видеороликлар тақдим этилди. Якунда ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан жавоб олди.
Шербек Исломов, ЎзА