Коррупция – тараққиёт кушандаси
“Ўзмиллийбанк” АЖ Навоий вилояти Бош бошқармасида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан эълон қилинган “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” доирасида “Коррупция – жамият тараққиёти кушандаси” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда вилоят прокуратураси, ички ишлар бошқармаси, жиноят ишлари бўйича вилоят суди масъуллари иштирок этиб, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда содир этилган жиноятлар ва уларнинг келтириб чиқараётган оқибатлари ҳақида сўз юритди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиб улгурди. Буни сўнгги йилларда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
[gallery-20672]
Бугунги кунда банк тизимида ҳам мазкур сана доирасида ўтказилаётган турли тадбирларда соҳа мутахассислари ва жамоатчилик вакиллари фаол қатнашмоқда. Айниқса, банк ходимларининг ҳуқуқий онгини ошириш ва уларда ушбу иллатга муросасизликни шакллантириш бўйича давра суҳбатлари, турли тадбирлар ҳамда тест синовлари ташкил этилмоқда.
– Коррупция ҳозирги кунда трансмиллий ҳолат ҳисоблангани боис, бутун дунё ҳамжамиятига хавф туғдирмоқда, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ вилоят Бош бошқармаси Хавфсизлик, режим ва ахборотни ҳимоялаш бўлими Комплаенс назорат ва коррупцияга қарши курашиш бўйича бош мутахассиси Мурод Ҳакимов. – Айни пайтда бошқармада Хавфсизлик, режим ва ахборотни ҳимоялаш бўлими томонидан ушбу иллатнинг олдини олиш юзасидан аниқ вазифалар ва қилиниши лозим бўлган ишлар белгилаб олинган. Банк ходимлари ўртасида коррупцион ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик, банк ички тартиб-қоидаларига риоя этилиши юзасидан мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Тадбирда банк тизимида коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриш, уни келтириб чиқариши мумкин бўлган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш, коррупцияга қарши муросасиз муҳитни шакллантириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари