Коррупция шунчаки жиноят эмас...
Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигида “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш” кунига бағишлаб эълон қилинган Аксилкоррупция ҳафталиги доирасида “Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ” мавзуидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда ҳозирги замон миллий ва халқаро ҳуқуқда энг кўп қўлланилаётган атамалардан бири коррупция илдизини қурутиш, бугунги кунда ушбу иллатга қарши курашиш ва бу борадаги долзарб масалалар хусусида сўз борди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда республикамизда коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олишнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси ва аниқ тизими шаклланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” Қонуни қабул қилинди. Президентимизнинг бир қатор фармон ва қарорлари коррупция ҳолатларига қарши жиддий ислоҳотлар бошланганлигидан далолатдир. Бу борада вазирлик тизимида юқоридаги қонун, фармон ва қарорларнинг ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш” кунига бағишланган Аксилкоррупция ҳафталиги доирасида ҳам тегишли чоралар кўрилмоқда.
– Ушбу ўн кунлик давомида вазирлик тизимидаги барча ҳудудий бошқармалар ва таркибий тузилмаларда давра суҳбатлари, семинар ва учрашувлар ташкил этиб келинмоқда, – деди ФВВ масъул ходими Самандар Ҳикматуллаев. – Дарҳақиқат, коррупция – бу ҳар бир шахс, ҳар бир оила ва якунда давлатимиз ривожланишига тўсиқдир. Коррупция – бу шунчаки жиноят ёки ҳуқуқбузарлик эмас, балки маънавий бузилиш ҳолатидир. Шундай экан, мазкур иллатга қарши кураш олиб боришга нафақат давлат органлари, балки жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъулдир.
Гулноза Бобоева, ЎзА