Коррупция – ривожланишга тўсиқ
Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилмоқда.
Илк бор коррупциявий хавфларни аниқлаш ва тизимли таҳлил қилиш, уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф қилиш учун масъул бўлган алоҳида орган — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Давлат ҳокимияти органлари ва йирик хўжалик юритувчи субъектларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январаги “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонуни ҳамда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди.
Ҳужжат коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини оширишга қаратилганлиги шу билан аҳамиятли. Фармон билан 2021−2022 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури қабул қилинган.

Ушбу дастур доирасида бугунги кунда мамлакатимизда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга алоҳида эътибор қаратилган. 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш кунига бағишланган Аксилкоррупция ҳафталиги доирасида юртимизда бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида ҳам “Коррупция − ривожланишимизга тўсиқ” шиори остида бир қатор тадбирлар ташкил этилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида бўлиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда коррупция фуқароларнинг ижтимоий адолатга, давлат органларига нисбатан ишончини сусайтиради, давлатнинг иқтисодий ўсишига салбий таъсир кўрсатади, қолаверса жамиятдаги маънавий муҳитни бузилишига олиб келади.
Коррупция – мансабдор шахслар томонидан давлат ҳокимияти ёки бошқаруви ваколатларидан фойдаланган ҳолда шахсий манфаатларни ёки бошқа шахслар манфаатини кўзлаб содир этиладиган жиноятлар йиғиндиси эканлиги, айни дамда коррупцияга қарши курашиш барча давлат ва жамоатчилик ташкилотлари ҳамда молиявий муассасаларда устувор вазифага айланганлиги борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
–Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди, – деди академия катта ўқитувчиси Фарҳоджон Хўжаев. –Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга доир чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Тадбир якунида “Коррупцияни биргаликда енгамиз” мавзуидаги танловда фаол иштирок этган курсантлар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА