Коррупцион иллатларга курашишда ўзаро ҳамкорлик муҳим
Коррупцияга қарши курашиш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан. Шу сабабли, барча ташкилот ва идораларда коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб, ушбу йўналиш бўйича бириктирилган масъуллар унинг ижросини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратмоқда.
Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси бош мутахассиси Отабек Қосимовнинг таъкидлашича, коррупция жамият тараққиётига тўсиқ бўлаётган энг хавфли иллатдир. Шу сабабли, коррупцияга қарши кураш дунё ҳамжамияти олдида турган энг долзарб масалалардан бирига айланмоқда.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 июнда қабул қилинган “Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада тизимли ишлар олиб бориш талабини қўймоқда, – деди О.Қосимов. – Маълумки, мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг ҳуқуқий ва институционал асослари такомиллаштирилмоқда.

Хусусан, бунда давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашишнинг замонавий механизмлари кенг жорий этилиб, уларнинг фаолиятида очиқликни таъминлаш ва жамоатчилик олдида ҳисобдорликни ошириш бўйича тизимли чоралар кўрилаётгани ҳар жиҳатдан фойда беряпти.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан ушбу ислоҳотлар доирасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда ушбу йўналиш бўйича масъул мутахассислар томонидан қўмита ишчи-ходимлари ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Мақсадимиз эса фаолиятимизда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ва ҳар қандай коррупцион иллатларга аёвсиз курашишдир.
Президентимиз таъбири билан айтганда, жамиятимизнинг барча аъзолари “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Шунинг учун барчамиз бугунги тинчлик-осойишталик ҳукм сурган юртимизда адолат тамойиллари асосида ҳалол меҳнат қилишимиз шарт, деб ўйлайман. Зеро, ҳар биримиз умид билдирган келажак давомчиларимиз фақат ва фақат амалларимиздан андоза олади.
Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси манфаатлар тўқнашуви ва коррупцион ҳолатларни аниқлашда юртимиз фуқароларини ҳамкорликка ундайди. Тизимда шубҳа туғдирувчи ва ноқонуний ҳолатлар юз берганида +99871 203-02-39, anticor@cirns.uz орқали мурожаат қилиш мумкин.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.