Коронавирус дастлабки 4 кунда қандай кечиши мумкин?
Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси томонидан ўтказилган халқаро вебинарда коронавирус билан оғриган беморнинг биринчи 4 кундаги ҳолатини таҳлил қилиш алгоритми ва касалликнинг бундан кейинги ҳолатини олдиндан айтиш, касалликнинг турли босқичларида самара берган дорилар ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Унда Буюк Британия ва Ҳиндистон мутахассислари ўз тақдимотини ўтказди. Тадбирда мамлакат парламенти Қонунчилик палатаси вакиллари, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими мутахассислари, жумладан, Эпидемиология микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вилоят бошқармалари, ҳудудий инфекцион касалликлар шифохоналари, Тошкент тиббиёт академияси, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, Тошкент фармацевтика институти вакиллари иштирок этди.
Лондон Қироллик госпиталининг “Foundation” дастури директори ва “American Heart Association” журнали муҳаррирларидан бири доктор Аджай Гуптанинг таъкидлашича, халқаро маълумотларга кўра, тождор вирус билан касалланганлар сони бўйича АҚШ (16,3 миллион нафар) ва Ҳиндистон (9,9 миллион нафар) етакчилик қилмоқда. Шунингдек, айнан ушбу икки мамлакатда ўлим кўрсаткичи ҳам баланд. Бу кўрсаткич АҚШда 1,83 фоиз, Ҳиндистонда эса 1,46 фоизни ташкил этади. Дунё бўйича бугун 72 миллион киши ушбу вирус билан касалланганлар сифатида рўйхатга олинган. Ўзбекистон эпидемияни етарли даражада жиловлаган.

Доктор А.Гупта халқаро тажрибага таянган ҳолда касалликнинг асосий аломатлари, унинг ўпкадан ташқарида пайдо бўлиши, касаллик кечишининг ҳар хил шаклларининг ҳар хил мамлакатларда қабул қилинган беморларни даволаш алгоритмига хос хусусиятлари, шунингдек, дори воситаларини қўллаш бўйича сўнгги маълумотларни тақдим этди. Бутун дунёдаги мутахассислар полипрагмазия, яъни кўп миқдорда дори қабул қилишдан чекланиш керак, деб ҳисоблайди. У соғайиш жараёнини оғирлаштириб юбориши маълум бўлмоқда.
Хусусан, COVID-19нинг енгил ва ўртача оғир шаклида, яъни шифохонага ётқизмасдан даволашда дексаметазонни қўллаш тавсия этилмаслиги таъкидланади. У шунингдек, шифохонага ётқизилган бўлсада, касалликнинг кислород ёрдамига эҳтиёж бўлмаган ҳолатда ҳам тавсия этилмайди. Ушбу келтирилган ҳолатларда, шунингдек, ремдесивирни қўллашга қаршилик қилиш ёки аксинча уни тавсия этиш учун аниқ асослар йўқ. Лекин у касаллиги авжга чиқиш хавфи юқори бўлган беморлар учун фойдали бўлиши мумкин.
Шундай қилиб, касаллик кечишининг ҳар бир шакли ўз кўрсатишига эга, ҳар бир дори воситаси эса беморнинг индивидуал ҳолати таҳлилидан келиб чиқиб қўлланилиши керак.
Вебинарда ўзбекистонлик ва чет эллик мутахассислар ўртасида мулоқотлар бўлиб ўтди. Хусусан, доктор А.Гупта ва Миллий палата маслаҳат кенгаши аъзоси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Асомиддин Комилов шифокорлар учун касалланишнинг дастлабки 4-5 кунларида COVID-19нинг ривожланиш прогнози алгоритмини ишлаб чиқиш ҳақида қарор қабул қилди. Ушбу йўналишдаги ишланмалар кўпгина мамлакатларда мавжуд. АҚШ, Буюк Британия мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган алгоритмларни, шунингдек, Ўзбекистон мутахассислари тажрибасини таҳлил этиш ва улар асосида шифокорларга энг аввалдан аниқлашнинг мақбул вариантини таклиф этиш режалаштирилган.
COVID-19нинг ҳийласи шундаки, бемор дастлабки кунларда ўзини яхши ҳис этиши, 5-6 кунларга келиб эса аҳвол тўсатдан ёмонлашиши мумкин. Алгоритм эса шифокорларга касалликнинг дастлабки кунларидаёқ бундай ҳолатни аввалдан аниқлаш ва COVID-19 ёмон кечишининг олдини олиш имконини беради.
Вебинар давомида “Mahajan Imaging” (Нью-Дели, Ҳиндистон)нинг асосчиси ва бош радиологи доктор Харш Махаджан иштирокчиларни COVID-19ни радиологик ташҳислаш бўйича сўнгги халқаро тажриба билан таништирди.
Шунингдек, Миллий палата томонидан радиология соҳасида сунъий интеллектни қўллаш бўйича “Mahajan Imaging” тажрибаси Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимига бирга жорий этиш учун истиқболли тажриба сифатида батафсил ўрганилди. Коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши самарали курашга оид ҳамкорлик муҳокама этилди.

Вебинар шифокорларга COVID-19 билан касалланган бемор ҳолатини касалликнинг ҳар хил босқичида ташҳислаш ва уни индивидуал даволаш бўйича энг сўнгги халқаро тажриба ва тавсиялар билан танишиш имконини берди.
Инновацион соғлиқни сақлаш
Миллий палатаси матбуот хизмати