Кўргазма: жом атрофида айланган олам
Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида руминиялик рассом Лелия Рус-Пирваннинг “Меланхолия” номли кўргазмаси ташкил этилди.
Экспозицияда рассомнинг энг сара график асари намойиш этилиб, унда жом (қадаҳ) образи марказий бадиий тимсол сифатида талқин қилинди.

Тадбирда қайд этилганидек, ушбу образ орқали муаллиф инсоннинг ички дунёси, хотира, ўз-ўзини англаш ва янгиланиш жараёнларини ифодалайди. Оддий предметдан рамзий шаклга айланган жом кечинмаларни мужассам этувчи ва уларни етказувчи восита сифатида намоён бўлади.
Кўргазма концепцияси ташқи кузатувдан ички тажрибага ўтиш ғоясига қурилган бўлиб, унда моддий ва рамзий олам, мавжудлик ва йўқлик ўртасидаги нозик боғлиқлик бадиий ечимларда акс этади. Бу жиҳатдан асарлар томошабинни ўз ички олами билан мулоқотга чорлайди.

Ранглар палитрасида мовий ранг етакчи ўрин тутиб, у чексизлик, сокинлик ва мушоҳада тимсоли сифатида талқин этилади. Шу билан бирга, ушбу ранг ўзбек маданиятига хос рамзий маънолар билан уйғунлашиб, асарларга янада чуқур маъно бағишлайди.
Шунингдек, кўргазма меланхолияни пассив ҳолат сифатида эмас, балки инсоннинг ички тафаккури ва ўзини англаш жараёнидаги муҳим босқич сифатида ёритади.
Кўргазма 10 майга қадар давом этади.
Г.Бобоева, ЎзА