Эл дардини ўз дарди деб билган шоир
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамкорлигида Муҳаммад Юсуф таваллудининг 72 йиллиги муносабати билан ижодий асарлар кўргазмаси ҳамда адабий-маърифий кеча ўтказилди.
Маърифий тадбирда эътироф этилганидек, Муҳаммад Юсуф шеърияти содда ва самимийлиги, равон ва лўндалиги, халқнинг орзу-армонларини ўзида ифодалагани билан диққатга сазовор. Шу сабабли устоз ижодкорнинг шеърлари адабиётнинг миллионлаб мухлислари қалбидан ўрин олган. Айни пайтда шоирнинг кўплаб шеърлари ҳамюртларимиз қалбидан ўрин олган гўзал қўшиқларга айланган.
Муҳаммад Юсуф шеъриятининг бетакрорлиги, энг аввало, унинг халқчиллиги, соддалиги ва самимиятида намоён бўлади. У мураккаб фалсафий тушунчаларни эмас, балки оддий одамларнинг дилидаги гапларни ҳамма тушунадиган тилда ифодалай олган.
[gallery-29247]
Шоир ижодидаги ўзига хос жиҳатлар унинг она тилимизга бўлган эҳтиромида, ватанпарварликнинг янгича, жуда самимий ва равон, лўнда ифодасида, аёл зотига юксак эҳтиромида, дард ва самимиятда яққол кўзга ташланади.
Тадбир давомида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ижодкорлари томонидан яратилган шоир ҳаёти ва ижоди акс этган ижодий асарлар кўргазмаси ташкил этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ижодий жамоаси томонидан шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна кўринишлари, унинг шеърларидан намуналар ҳамда куй-қўшиқлар ижро этилди.
Маърифий тадбирда энг яхши ижод намуналарининг муаллифлари бир неча ижодий йўналишлар бўйича тақдирланди.
Тадбир доирасида устоз фотоижодкор Абдуғани Жумаевнинг шоир ижодига бағишланган кўргазмаси ҳам ўтказилди.
Н.Усмонова, С.Ўрмонов (сурат), ЎзА