Кореялик мутахассислардан маҳорат дарслари
Самарқанд шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида бугунги кунда иш билан банд бўлмаган фуқаролар йигирмадан ортиқ касб-ҳунарга ўқитилмоқда. Шунингдек, уларга хорижий тиллар ўргатиляпти.
Ўқув машғулотларини самарали ташкил этиш мақсадида марказда хориждан мухатассислар жалб этилган. Айни пайтда, Туркия, Корея, Россия ва бошқа давлатлардан таклиф этилган мутахассислар тингловчиларга сабоқ бермоқда. Шунингдек, хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда ўқув ва амалий машғулотлар ўтказилмоқда.

Хусусан, ушбу ҳафтада Корея Республикасининг Кеимюнг университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан биргаликда тинловчилар учун маҳорат машғулотлари ташкил этиди.

– Марказ фаолияти билан танишдик, ўқитувчилар ва тингловчилар билан суҳбатлашдик, – дейди Кеимюнг университети профессори Лее Санг Коо. – Шароитлар халқаро талаблар даражасида, ўқув режа ва дастурлар ҳам яхши ишлаб чиқилган. Гап уларни амалга оширишда. Ўқув устахоналари ва лабораторияларда ташкил этилаётган амалий машғулотлар бизда яхши таассурот қолдирди. Ўйлайманки, ҳамкорлигимиз ижобий натижалар беради.

Кореялик мутахассислар тиббиётда биринчи ёрдам, ошпазлик, сартарошлик ва замонавий ахборот технологиялари бўйича тингловчиларга маҳорат дарслари ўтди. Меҳмонлар вилоятдаги касб-ҳунарга ўқитиш масканларларида ҳам бўлиб, ўз тажрибаларини ўргатиши кўзда тутилган.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА