Кореяда ўзбек опералари янграмоқда
Бу йил Ўзбекистон ҳамда Корея Республикаси ўртасида дипломатик муносабатларга 30 йил тўлди.
Ушбу сана муносабати билан Корея Республикасининг «Тегу» опера уйида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри жамоаси «Даэгу Опера Ҳоусе» билан биргаликда қўшма концерт дастурини тақдим этди.
Мусиқий дастур давомида ўзбекистонлик опера юлдузлари, симфоник мусиқа ижрочилари дунёнинг ҳеч бир нуфузли жамоалари ва хонандаларидан кам эмаслигини яна бир карра намоён этди.

Концертдан сўнг «Тегу» опера уйи ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ўртасида ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Ўзбекистон делегацияси ҳамда Тегу шаҳар мерининг ўринбосари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув жараёнида шу йилнинг ёз ойларида Тегу шаҳрининг бир қатор санъаткорлари Ўзбекистонга ташриф буюриши юзасидан Корея Республикасининг таклифлари мамнуният билан қабул қилинди. Мамлакатимизнинг театр жамоасининг Корея Республикасидаги ижодий сафари 31 мартга қадар давом этади.
Н.Усмонова, ЎзА