Корея Республикасининг илғор тажрибаси ўрганилмоқда
Олий ва касбий таълимни меҳнат бозори талабларига мос равишда ривожлантириш, замонавий касбий кўникмаларга эга рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, шунингдек, илғор рақамли ва инновацион ечимларни ўқув жараёнига жорий этиш борасида Корея Республикасининг илғор тажрибасини ўрганиш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги масъуллари 2026 йил 20–30 сентябрь кунлари Корея Республикасида ташкил этилган малака ошириш дастурида иштирок этмоқда.
Дастур доирасида делегация аъзолари GRAND-ICT семинарида иштирок этиб, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида мутахассислар тайёрлашнинг замонавий ёндашувлари билан танишди. Шунингдек, Tech University of Korea (TUK) университети фаолияти ўрганилиб, таълим, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолият интеграцияси бўйича тажриба алмашилди.
INTUBE компанияси фаолияти билан танишиш давомида инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва уларни амалиётга жорий этиш механизмлари ўрганилди. Хусусан, компаниянинг таълим жараёнида сунъий интеллектдан фойдаланишга йўналтирилган инновацион ечимларига эътибор қаратилди. Job World (Seongnam) марказига ташриф чоғида эса ёшларни касбга йўналтириш, уларнинг касбий қизиқиши ва салоҳиятини аниқлаш ҳамда меҳнат бозорига тайёрлаш бўйича амалий ёндашувлар ўрганилди.

Кореялик ҳамкорлар билан ўтказилган учрашувларда таълим дастурларини иш берувчилар эҳтиёжларига мослаштириш, амалий таълимни кучайтириш, замонавий технологияларни ўқув жараёнига кенг жорий этиш ҳамда таълим муассасалари билан ишлаб чиқариш сектори ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Малака ошириш дастури якунлари бўйича ўрганилган илғор тажрибаларни миллий таълим тизимига мослаштириш, касбга йўналтириш ва амалий таълим механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, таълим муассасалари ва иш берувчилар ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА