Далада касб эмас, келажакка йўл танланмоқда
Ёш агрономлар — қишлоқ хўжалигининг бугунги меҳнат кучи эмас, балки ер, илм-фан ва замонавий технологияларни уйғунлаштириб, соҳанинг эртанги қиёфасини белгилайдиган янги авлод мутахассисларидир. Уларга яратилган имкониятлар эса аграр тармоқнинг келажак салоҳиятини белгилаб беради.
Ҳукуматнинг жорий йил 24 сентябрдаги тегишли қарорида янги агротехнологиялар асосида пахта ва ғалла етиштириш кўникмасига эга бўлган янги агрономларни тайёрлаш ва “устоз-шогирд” тизимлари жорий этилиши белгилаб қўйилган.
Мазкур тартибга асосан, “Янги агроном” тайёрлаш тизими асосида ўқиш амалиётига Тошкент давлат аграр университети ва қишлоқ хўжалиги соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган бошқа олий таълим ташкилотларининг мос таълим йўналишларида таҳсил олаётган 2 ва 3-босқич талабалари танлов орқали иштирок этади. Танлов олий таълим ташкилотларида ҳар йили камида бир марта ўтказилади.
“Янги агроном” тизими доирасида амалиётини аъло баҳолар билан тамомлаган талабалар махсус комиссия томонидан сараланиб, илғор хорижий тажрибани ўрганиш учун хорижий давлатларга юборилади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари “Устоз-шогирд” тизими доирасида пахтадан гектарига 50–60 центнердан юқори ҳосил олган илғор агрокластерлар ва фермер хўжаликларига “устоз” сифатида танловда қатнашишни таклиф этади. “Устоз” сифатида танлаб олинган ҳар бир агрокластер ёки фермер хўжалигига пахта ҳосилдорлиги 30 центнердан паст бўлган 20 тагача фермер хўжалиги “шогирд” сифатида бириктирилади.
Ҳар ҳосил йили якунида “шогирд” фермер хўжалиги пахтадан гектарига 50 центнердан юқори ҳосил олган “устоз” агрокластер ёки фермер хўжаликлари ҳар бир “шогирд” фермер хўжалиги учун 5 млн сўмдан мукофот пули билан тақдирланади. “Устоз-шогирд” тизими доирасида амалга ошириладиган ишлар Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Рақамли қишлоқ хўжалиги” ягона интеграцион платформаси орқали назорат қилинади. “Устоз” агрокластер ва фермер хўжаликлари ҳамда уларга бириктирилган “шогирд” фермер хўжаликлари реестри Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан юритилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА