“Korean and migrations” мансабдорлари суди бошланди
Хусусий бандлик агентликлари мансабдорларининг жиноий жавобгарликка тортилиши биринчи марта эмас.
Хусусий бандлик агентликлари мансабдорларининг жиноий жавобгарликка тортилиши биринчи марта эмас.
Аввал “Human” хусусий бандлик агентлиги мансабдорлари одамларни хорижга ишга юбораман, деб алдаб, уларнинг 21 миллиард сўмдан ортиқ маблағини олиб қайтариб бермагани билан боғлиқ жиноят содир этилган эди. Суд ҳукми билан мазкур агентликнинг айбдор мансабдор шахслари турли йилларга озодликдан маҳрум этилди. Мазкур ишда мингдан ортиқ жабрланувчи бор эди.
Тошкентда яна бир хусусий бандлик агентлиги - “Korean and migrations” масъулияти чекланган жамияти ҳам шундай қилмишга қўл урди. Бу жамиятдан жабр кўрганлар эса яна ҳам кўпроқ, яъни бу ишда 2 минг 372 жабрланувчи ва 4 фуқаровий даъвогар мавжуд.
Бугун Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судида мазкур хусусий бандлик агентлиги мансабдор шахслари устидан очиқ суд жараёни бошланди
Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидовнинг маълум қилишича, ушбу жиноят иши бўйича асосий шахслардан бири - “Korean and migrations” хусусий бандлик агентлиги” масъулияти чекланган жамияти директори Қаҳрамон Отақулов. У 1979 йилда Бухоро вилоятида туғилган, муқаддам судланган.
Бундан ташқари, жамиятнинг Наманган вилояти филиали директори Одил Кабилов, жамият таъсисчиси Хушвақт Турдиев, жамият ўқув бўлими директори Мусурмон Алиқулов, Наманган вилояти филиали иш юритувчиси Анваржон Шамшиддинов, ғазначи Орифжон Жўраев, ҳисобчи Мавлуда Отажонова, кадрлар бўлими инспектори Раъно Нуралиева, ҳамкор Канг Нам Кю, воситачи Жалол Хидиров ҳам жавобгарликка тортилган.
Судья Т.Қосимовнинг маълум қилишича, судланувчи Қ.Отақулов ва бошқалар Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) каби жиноятларини содир этганликда айбланмоқда.
Иш ҳужжатларига кўра, судланувчи Қ.Отақулов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштиришга ёлғон ваъдалар бериб, “Korean and migrations” xususiy bandlik agentligi” МЧЖга келиб мурожаат қилган фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини қўлга киритиб, ушбу пулларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборишган.
Айблов хулосаси бўйича моддий зарар миқдори 24,2 миллиард сўм бўлиб, шундан дастлабки тергов мобайнида 13,3 миллиард сўм миқдорини бартараф этиш чораси кўрилган.
Суд жараёни давом этмоқда.