Кўравериб кўзимиз ўрганаётган хатолар...
Ҳар куни йўлимизда учрайдиган эълонлар, савдо марказлари, дўкон, бекатлар номларини ўқиб кўнглимиз ғаш бўлмоқда. Чунки бу ёзувларда турли хилдаги хатоларни учратяпмиз. Наҳотки қисқа ёзувлар ёхуд эълон ва рекламалар чоп қилинишидан олдин тилимизнинг имло қоидаларига солиштириб кўрилмаса?!
Ҳеч бўлмаганда яқин атрофдаги мактабларда фаолият олиб бораётган она тили ўқитувчиларидан ҳам ёзувнинг тўғри-нотўғрилигини сўраб олиш мумкин-ку. Энг ёмони, айрим имловий хато билан ёзилган бундай сўзларнинг ўз муддатини ўтаб бўлгунча бемалол осилиб туришидир. Ахир уни кўравериб кўз ўрганади ва айрим ҳолларда ёшларни шу каби хатоларга ўргатиб қўядику...
Кўча-кўйда учратилаётган айрим хато ёзувли маълумотларга бефарқ бўлмаслигимиз керак. Зеро, бу ҳолат эртанги кунда ҳам шундай хатоларни кўпайиши, миллий тилимиз нуфузини тушишига олиб келади.
Хабарингиз борки, Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди. Унга кўра идора ва ташкилотларда давлат тилида иш юритиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Фармонга кўра Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Давлат тилини ривожлантириш департаменти» ташкил этилиб, унинг аниқ вазифалари белгилаб берилган. Унга кўра давлат идоралари ва ташкилотлари, жумладан, маҳаллий ҳокимият органларининг давлат тилида иш юритиши, давлат идораларида давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилиши устидан назорат олиб боришини мониторинг қилиш тизими яратилди.
«Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 9-моддасига кўра давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилади ва заруриятга қараб бошқа тилларга таржима қилинади. Шу билан бирга, ушбу қонуннинг 10-моддасига кўра корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш давлат тилида, ишловчиларининг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда эса, давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
«Ўзстандарт» агентлигида ташкил этилган Давлат тилида иш юритишни таҳлил қилувчи эксперт гуруҳи аъзолари Ўзбекистон миллий метрология институти Бухоро филиалида бўлиб, юқоридаги Фармон ижроси юзасидан танқидий-таҳлилий ўрганиш олиб борди. Хусусан, филиал лабораторияларида текширувлардан ўтказилган ускуналарга берилаётган сертификатларни айнан давлат тилида ёзиш, ёзганда ҳам ўзбек тили имло қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда хато ва камчиликларга ўрин қолдирмаган ҳолда амалга оширилишига алоҳида урғу берилди.
Шунингдек, филиалга қарашли барча ташқи ёзувлар, эълонлар ва бошқа кўргазмали ахборот - реклама матнлари Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлиши таъминланди.
Давлат тили мавқейини оширишда ҳар бир идора вакиллари, ҳар бир юртдошимиз масъулдир. Бугун ўзбек тили имло қоидаларига мос бўлмаган, хато ёзилган маълумотларни ёнидан шунчаки ўтиб кетиб бўлмайди. Бунга албатта муносабат билдириш ва хатони тўғри тушунтириш фойдадан холи бўлмайди.
Маъруфжон Жалилов,
Ўзбекистон миллий метрология
институти директори ўринбосари