«Кўрар кўзларни нури – илмдандур»
Бугун «Адиблар хиёбонида» XIX аср иккинчи ярми, XX аср бошларида яшаб ижод этган ўзбек адабиётининг йирик намояндаси ва маърифатпарвари, лирик шоир, оташин публицист Зокиржон Фурқат таваллудига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
«Кўрар кўзларни нури – илмдандур» деб номланган ушбу адабий-бадиий, маънавий-маърифий тадбир Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Тошкент архитектура-қурилиш институти билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Мудофаа вазирилиги, Қуролли кучлар томонидан 60 нафар ҳарбийлар ҳамда Архитектура-қурилиш институтининг 50 нафар талаба-ёшлари ва ўқитувчилари иштирок этди.

Тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи очиб берди ва модераторлик қилди.
Ўзбекистон давлат хореография Академияси катта ўқитувчиси, Филология фанлари доктори, доцент – Ҳулкар Ҳамроева Фурқатнинг ҳаётий ва бадиий баркамол лирикаси, маърифатпарварлик йўналишидаги етук асарлари, жозибали насри ва жанговар публицистикаси ҳамда миллий адабиётимиз ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида батафсил маълумот берди.

Устоз санъаткор, 1-даражали Меҳнат фахрийси, ҳофиз – Ғайбулла Қулабдуллаев шоир қаламига мансуб «Сайдинг қўябер сайёд», «На бўлди», «Фасли навбаҳор» каби қўшиқларни жонли ижро этди.
Тошкент архитектура-қурилиш институти Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори – Зафар Абдувалиев сўзга чиқиб, Фурқатнинг бизга қолдирган бой мероси, айрилиқда чеккан ҳижрон азобию соғинчи, унинг номи билан талабаларга стипендия ташкил этилгани, илмий ишлар ва бошқалар ҳақида гапириб берди.

Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтидан уч нафар талаба тадбир давомида Фурқат портретини чизиб, барчани ҳайратда қолдирди. Тадбирда марказ етакчи мутахассиси С.Жуманиёзова ҳамда О.Дусяровлар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Ойдин ЙЎЛДОШEВА