Кўприк қуладими ёки монтаж жараёнида балка шикастландими?
Куни кеча ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани ҳудудидан ўтувчи М-39 магистрал автомобиль йўлида қурилаётган кўприкка оид видеолавҳалар тарқалди. Унда кўприк конструкцияларидан бирининг пастга тушиб кетгани акс этган.
Видеода билдирилган айрим муносабатларда эса ҳали битмаган кўприкнинг қулаб тушгани, давлат маблағлари сифатсиз қурилишга сарфланаётгани ҳақида турли иддаолар илгари сурилди.
Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ЎзА мухбири воқеа жойида бўлиб, қурилиш жараёни билан танишди.

Маълум бўлишича, мазкур объект ҳали фойдаланишга топширилмаган. Айни пайтда бу ерда қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда. Кўприкнинг бир нечта балкалари ўрнатилган, уларни монтаж қилиш ишлари олиб борилмоқда. Ижтимоий тармоқларда акс этган балка эса воқеа жойидан олиб қўйилган.

Қурилиш ишларини олиб бораётган “New tech Samarqand” МЧЖ лойиҳа менежери Дилшод Ариповнинг маълум қилишича, воқеа 6 август куни балкани икки томондан автокранлар ёрдамида кўтариб, ўрнатиш жараёнида содир бўлган.

– Балкани монтаж қилиш пайтида икки томондаги автокранлар ҳаракатидаги озгина эҳтиётсизлик оқибатида конструкция қийшайиб кетган. Натижада балка ёрилиб, пастга тушган. Кўприк ҳали битмаган, қурилиш ишлари белгиланган тартибда давом эттирилмоқда, – дейди Д.Арипов.

Мутахассислар тушунтиришича, мазкур турдаги кўприкларда қўлланиладиган темир-бетон балкалар махсус конструкцияга эга бўлиб, тўғри ҳолатда ўрнатилганда лойиҳада белгиланган юкламани кўтаришга мўлжалланган. Бироқ монтаж жараёнида балканинг мувозанати бузилиб, қийшайиши конструкцияга нотўғри кучланиш тушишига ва унинг шикастланишига олиб келиши мумкин.

Шу боис ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодаги ҳолатни “янги қурилган кўприк қулаб тушди”, дея баҳолаш тўғри эмас. Гап кўприкнинг фойдаланишга тайёр ҳолдаги конструкцияси эмас, балки уни монтаж қилиш жараёнида шикастланган бир балка ҳақида бормоқда.
Айни пайтда объектда транспорт воситалари ҳаракати учун айланма йўл ташкил этилган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Қурилиш ташкилоти маълумотига кўра, мазкур кўприкнинг умумий узунлиги 33 метр бўлиб, уни 2027 йил декабрь ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири