2027 йилдан "Ташаббусли бюджет" лойиҳалари мобил иловалар орқали молиялаштирилади
Маҳаллаларда аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш, фуқароларнинг ҳудудларни ривожлантиришдаги иштирокини кенгайтириш ҳамда жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида янги имкониятлар яратилмоқда.
Хусусан, "Ташаббусли бюджет" жараёнлари доирасида халқ вакиллари ва жамоатчиликнинг фаоллигини ошириш, шериклик лойиҳаларини молиялаштириш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган янги тартиблар белгиланди.
2027 йил 1 январдан бошлаб фуқаролар “Ташаббусли бюджет” доирасидаги шериклик лойиҳаларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали, тўлов ташкилотлари ҳамда тижорат банкларининг мобил иловалари орқали ҳам молиялаштириш имкониятига эга бўлади.
Янги тартиб аҳолининг бюджет маблағларини тақсимлашдаги иштирокини кенгайтириш, фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва лойиҳаларни молиялаштириш жараёнини янада қулайлаштиришга қаратилган.
Белгиланган тартибга кўра, мобил иловаларда Ягона интерактив давлат хизматлари портали билан интеграция таъминланади. Натижада фойдаланувчилар барча шериклик лойиҳалари рўйхати билан танишиши, шунингдек, “Ташаббусли бюджет” жараёнининг онлайн статистик маълумотларини кузатиб бориши мумкин бўлади.
Энг муҳими, мобил иловалар орқали йиғилган маблағлар тўғридан-тўғри тегишли Фуқаролар ташаббуси жамғармаларига йўналтирилади. Агар муайян шериклик лойиҳаси қийматининг 50 фоизи аҳоли томонидан ихтиёрий равишда йиғилса, қолган 50 фоизи белгиланган тартибда автоматик равишда молиялаштирилади.
Шунингдек, лойиҳа учун зарур маблағ тўлиқ йиғилмаган тақдирда, фуқаролар томонидан киритилган маблағлар 10 иш куни ичида уларнинг мобил иловалар орқали билдирган сўровига асосан қайтариб берилади.
Янги механизмда молиявий шаффофлик ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келадиган қўшилган қиймат солиғи, буюртмачи корхоналарни сақлаш ҳамда тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш харажатлари аҳолидан йиғилган маблағлар ҳисобидан қопланмайди. Ушбу харажатлар тўлиқ Фуқаролар ташаббуси жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Бундан ташқари, Давлат бюджетидан шериклик лойиҳалари учун ажратилган, бироқ сарфланмаган ёки ўзлаштирилмаган маблағлар келгуси йиллардаги шериклик лойиҳаларини молиялаштириш учун қўшимча маблағ сифатида йўналтирилади. Тегишли молия йилида якунланмай қолган лойиҳалар учун ажратилган маблағлар бундан мустасно.
Яна бир муҳим янгилик - қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 минг бараваригача бўлган ички йўлларни таъмирлашга оид шериклик лойиҳаларини туман ва шаҳар ободонлаштириш бошқармалари томонидан амалга ошириш тартиби жорий этилади.
Мазкур ўзгаришлар “Ташаббусли бюджет” жараёнида фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш, шериклик лойиҳаларини молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш ҳамда маҳаллалардаги долзарб муаммоларни аҳоли ва давлат ҳамкорлигида ҳал этишга хизмат қилади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА