Кўпкари ва танловнинг ўхшашлиги нимада?
Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги 41-умумтаълим мактаби ўқувчиси Сардор Сатторовнинг “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасидаги IT танловида ғолиб бўлгани ва унга совға сифатида эски ноутбук берилгани ҳолати бугун Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва халқ таълими бошқармаси масъуллари иштирокида Нуробод тумани ҳокимлигида муҳокама қилинди.
Мутасаддиларнинг изоҳлашича, С.Сатторов ва яна икки нафар ўқувчи мазкур танловнинг туман босқичида ғолиб бўлган. Уларга ҳокимлик томонидан “realme C11” русумли телефон аппаратлари совға қилинган. Вилоят босқичида бошқа туман ва шаҳарлардан келган ўқувчилар қуйи босқичда ноутбук билан рағбатлантирилгани сабабли нурободлик ўқувчиларга ҳам вақтинча эски ноутбуклар келтириб берилган. Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари, ўқитувчилари билан суҳбат ва муҳокамалардан сўнг “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасидаги IT танловнинг туман босқичини ташкил этиш ва ўтказишда йўл қўйган хатолари учун туман халқ таълими бўлимининг таълим жараёнида АКТни жорий этиш шўъбаси бош мутахассиси А.Дангалов вазифасидан озод этилди.
Танлов ғолибларини тақдирлашда масъулиятсизликка йўл қўйгани учун туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Н.Жалалиддиновга эса “ҳайфсан” интизомий чораси қўлланилди. Ҳа, дарвоқе, С.Сатторов ва танловнинг яна икки нафар ғолибига вилоят ҳокимлиги томонидан янги ноутбуклар топширилди.
Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда ҳам мунозараларга сабаб бўлди ва айрим ўқув марказлари томонидан дастурчи ўқувчиларга ноутбук совға сифатида юборилди. Яқинда олис қишлоқлардан бирида кўпкарили тўйда қатнашиб, ғалати ҳолатларга гувоҳ бўлган эдик. Совринга туя қўйилгани эълон қилиниб, бўталоқ, ҳўкиз айтилиб, кичкина бузоқ, от ўрнига той берилгани кўриб, ҳайрон бўлгандик. Энг қизиғи асосий соврин – автомобиль эълон қилинганда “Нексия” ёки “Лассетти” берилармикан, деб ўйланиб турганимизда, даврабоши майдон четида турган “Жигули” ни кўрсатганди. Ҳозир, негадир, шу ҳолат ёдимга тушди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА