Кўп қаватли уйлар ертўласидан самарали фойдаланилади (+видео)
Ҳар бир тадбиркорни ўйлантирадиган муҳим бир масала борки, у ҳам бўлса фаолият бошлаш учун қулай жой топишдир. Кўпчилик янги иш бошлаган ишбилармонлар сармоясини иншоот қуриш учун сарфлагиси келмайди.
Айниқса, пойтахтда ҳар бир қарич жойнинг, ернинг юқори қиймати борлигини инобатга олинадиган бўлса ушбу муаммо билан бугун кўпчилик тадбиркорларимиз тўқнаш келаётгани кундек равшан бўлади.
Ана шуни инобатга олиб куни кеча, тўғрироғи 17 январ куни Вазирлар Маҳкамасининг “Кўп квартирали уйнинг ертўласидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори эълон қилинди.
Ушбу ҳуқуқий ҳужжат республиканинг барча ҳудудларида тадбиркорликни ривожлантириш, кўп квартирали уйларнинг ертўла қисмларидан фойдаланган ҳолда, ўз фаолиятини амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратади. Шу билан бирга кўп квартирали уйларнинг ертўла қисмларининг ҳисобини юритиш, бошқарув органлари томонидан уйларнинг ертўла қисмларини ижарага беришда тўланадиган мажбурий бадал ва тўловларни амалга ошириш жараёнининг шаффофлиги таъминлайди.
Масалан, Мирзо Улуғбек туманидаги Феруза Маҳмарасулова раҳбарлигидаги бошқарув сервис компанияси (БСК) 3-сектор ҳудудида жойлашган бўлиб, 60та кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатади. Ушбу уйларнинг 1.5 минг квадрат метр майдони 30 нафар тадбиркорга ижарага берилган ва жами тушум ҳар ойда 68 миллион сўмни ташкил қилади. Ушбу маблағ кўп қаватли уйларнинг инфратузилмасини яхшилаш, турар-жой мулкдорларига қўшимча шароитлар яратиш, моддий-техник базани яхшилашга, ишчилар меҳнатларига яраша муносиб ҳақ тўлашга, рағбатлантиришларга сарфланади. Бу эса аҳолининг БСК фаолиятидан рози бўлишларига, хизмат сифатининг оширишга замин бўлмоқда.
Бошқарув сервис компаниясининг самарали фаолияти туфайли ҳудуддаги кўп қаватли уйлар ертўласида 200 та янги иш ўрни яратилди. Ҳар бир тадбиркор банкдан 50 миллион сўмгача имтиёзли кредит олиб, фаолиятини кенгайтиришга эришди.
Масалан, кўп қаватли уйнинг ертўласидан 163 квадрат метрни ижарага олиб, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркор Динара Газиеванинг ишчилари сони 10 нафарга етди.
Бошқарув сервис компанияси эришилган натижалар билан тўхтаб қолиш ниятидамас ва яна 30та кўп қаватли уйларнинг ертўласида ана шундай тадбиркорликни йўлга қўйишни мақсад қилган.
Шу билан бирга қарор билан тадбиркорларга бир қатор талаблар ҳам қўйилмоқда.
- Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 январдаги 17-сонли қарори қабул қилинди, -дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Обиджон Мўминов. – Мазкур қарорга асосан энди кўп квартирали уйларнинг ертўласидан фойдаланиш бўйича қоидаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Биринчи галда ертўлаларни ижарага беришда бундан кейин аввал умумий мулк кўп квартирали уйларнинг мулкдорларига расмийлаштирилган бўлиши керак. Яъни, кадастр рўйхатидан ўтказилган бўлиши керак. Ертўла ижара шартномалари солиқ органларининг платформаси орқали рўйхатдан ўтказилади ва “Менинг уйим” биллинг тизимида маълумотлар киритилади. Ижара тўловлари ушбу тизим орқали амалга ошириб борилади.
<iframe width="789" height="444" src="https://www.youtube.com/embed/W8GV6i9lWlg" title="Koʻp qavatli uylar yertoʻlasidan samarali foydalaniladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шунингдек, шаҳарсозлик нормалари ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид бўлмаган енгил материаллардан фойдаланиб, муҳандислик тармоқларига хизмат кўрсатиш имкониятини чеклаб қўймасдан, ертўла ички қисмида оралиқ деворларни фақат белгиланган тартибда, келишилган лойиҳа ҳужжатлари асосида ўрнатишга йўл қўйилади. Бу эса мулкдорлар манфаатига ҳам тўғри келади.
Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов,
Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА