Кўп асрлик тарихга эга қардошлик
Ўзбек ва турк – қадимий қардошлик ришталари билан боғланган халқлардир.
Бу ришталар суронли тарих синовларида тобланди, мустаҳкамланди ва мазмун-моҳиятини сақлаган ҳолда бизгача етиб келди.
Ўзбекистон ва Туркия алоқаларининг 1991 йилдан бошланган янги даври бу муносабатлар тизимида алоҳида ўрин тутади. Шу йил март ойида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги кенг нишонланди. Бу йиллар давомида “Абадий дўстлик ва ҳамкорлик” тўғрисидаги Баёнотдан тортиб, стратегик шерикликкача бўлган тарихий йўл босиб ўтилди. Қисқа давр ичида иқтисодий ва сиёсий муносабатлар мустаҳкамланди, ўзаро ишонч, манфаатли ҳамкорликка эришилди.

2017 йилдан ўзбек-турк муносабатларида янги давр бошланди. Икки давлат раҳбарларининг бир неча бор уюштирган расмий ташрифлари чоғида ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг барча соҳаларини қамраб олган ўзаро манфаатли ҳужжатлар имзоланди. Бу ҳужжатлар натижаси икки давлат ўртасидаги йиллик савдо айланмасининг ҳажмида ифодасини топди. 2016 йилда бу кўрсаткич 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2021 йил натижаларига кўра 3,4 миллиард АҚШ долларига етди. Келаётган ўн йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард АҚШ долларига етказиш мақсади қўйилди.
2022 йил 27 май куни Тошкент давлат шарқшунослик университетида Истанбул университети билан ҳамокорликда ташкил этилган “Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлиги: тарих ва келажак” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ана шу мавзуга бағишланди. Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари, Ўзбекистоннинг Туркиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси А.Аъзамхўжаев (online), Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси О.Бекар, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари масъул ходимлари, Истанбул университети ректори проф. М.Ак, мазкур университет профессори Ҳ.Акан, Қирғиз-Турк Манас университети профессори Ю.Э.Гурбуз, шунингдек, тегишли соҳа мутахассислари, профессор-ўқитувчилар, докторантлар, ёш олимлар ва талабалар иштирок этди.
Кейинги йилларда республикамиз университларида ташкил этилаётган бу каби анжуманлар анъанага айланди. Анжуманлар орқали дунёнинг етакчи университетлари ва уларда фаолият олиб бораётган профессор-олимлар билан танишиш имконияти туғилмоқда. Ўзаро кадр алмашиш, илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш, талабаларни ўқишга юбориш ва хорижий талабаларни ўқишга қабул қилиш мақсадини кўзлаган ҳамкорлик конференциянинг асосий мақсадини ташкил этади.
“Туркия ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари”, “Туркий давлатлар ташкилоти: муаммолар ва истиқбол”, “Ўзбекистон ва Туркия муносабатларининг истиқболлии йўналишлари”, “Таълим ҳамкорлиги – Ўзбекистон ва Туркия муносабатларидаги муҳим йўналиш” каби мавзуларда маърузалар тингланди. Уларда Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатида шаклланишида Туркиянинг ўрни ва роли маърузачилар томонидан эътироф этилди.
Шарқшунослик ва Истанбул университетлари ҳамкорлигидаги мазкур конференция фикр алмашиш, муштарак тарихимизнинг долзарб мавзуларига доир маърузалар тақдим этиш билан бир қаторда, умумий тарихимизнинг ҳали ўрганилмаган, жамоатчиликка маълум бўлмаган соҳаларига оид янги тадқиқотлар олиб бориш нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамият касб этади. Таг-замини билан янгиланаётган республикамиз таълим тизими учун бу, айниқса муҳимдир.

Зеро, глобал миқёсда содир бўлаётган жараёнлар, дунё тартиботининг ўзгараётгани, йирик давлатлар орасидаги манфаатлар тўқнашувининг жиддий равишда кескинлашаётгани, воқеа ва ҳодисаларнинг дунё оммавий ахборот воситалари томонидан баъзан нотўғри талқин қилинаётгани, ҳатто атайлаб тескари, чалғитувчи маълумотлар берилаётгани талаба-ёшлар тафаккурида мавҳум қарашларни юзага келтирмоқда. Айниқса, глобаллашув жараёнининг оммавий қирғин қуроллари асосда рўй бераётгани, ҳарбий иттифоқлар таркибининг тобора кенгаяётгани инсониятда жиддий ташвиш туғдирмоқда.
Халқаро конференция иштирокчилари ана шу масалалар доирасида фикр алмашди, маърузачилар томонидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Ишончимиз комил-ки, Туркия ва Ўзбекистоннинг етакчи университетлари олимлари ва талабалари иштирокидаги бундай анжуманлар аввало, бир-бирига жону кўнгил билан боғланган ўзбек ва турк халқларининг эзгу мақсадлар атрофида янада жипслашишига, қолаверса, дунёни билишимизга, тараққий этган давлатлар қаторига чиқишимизга ёрдам беради деб, умид қиламиз.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муштарак маданият, эгизак қадриятлар, деярли бир хил тилимиз, динимиз ва тарихий илдизларга таянган муносабатларимиз шундай дейишимизга асос бўлиб хизмат қилади.
Муродулла Мирзаев,
Тошкент давлат шарқшунослик университети
профессори, фалсафа фанлари доктори
ЎзА