Конституция – халқ таянчи
Ҳар бир давлат ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини танлар экан, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифаларини ўзининг Конституцияси – Асосий қонунида мустаҳкамлаб олади. Бинобарин, ўз халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг Конституцияга эга бўлган мамлакат ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан, доимо олдинга қараб боради.
Бош қомусимиз қабул қилинганлигига 29 йил тўлган бўлсада, аслида Конституция тузишга бўлган илк қадам 1990 йилнинг 24 март кунида қўйилгандир. Шахснинг маълум бир давлат фуқароси эканлигини исботловчи ҳужжати – паспорт ҳисобланади. Давлатнинг дунё мамлакатлари орасида мавжудлигини исботловчи ҳужжати, ҳам унинг паспорти Конституция саналади.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари барча нарсадан устун эканлиги 7-моддада ўз аксини топган, яъни халқ давлатнинг бирдан бир манбаидир. Бундан ташқари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига бағишланган нормалар ҳам «Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари» деб номланган бўлимдан сўнг жойлаштирилганлиги ҳам бежиз эмас.
Конституция – тузук дегани. Эски туркий тилимиздаги тузмоқ феъли асосида юзага келган. Амир Темур тузуклари ҳам ўзига хос бир конституция десам, янглишмайман. Тузукда айтилади агар айбдор, жиноятчи кишиларга жазо бериш керак бўлса унга азоб бериш, қийнаш танага жароҳат етказиш каби жазолар бериш тақиқланади. Уни маърифат йўли билан тўғри йўлга бошлаш керак.
Ёки бўлмасам, ўша давр кишиси адирлик, қаровсиз дашт ерларини парвариш қилиб, уни обод қилса, ундан биринчи солиқ олинмаган. Бобомиз тузукларида ҳам миллий қомусимиз сингари инсонпарварлик – гуманизм ғоялари илгари сурилган. Бир сўз билан айтганда, бугунги конституциямиз мустақиллигимиз тузугидир.
Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди. Бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Бош қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижасидир.
Айрим давлатлар ҳатто ўз Асосий қонунларининг референдумда, халқ иштирокида қабул қилингани билан фахрланади. Албатта, бу энг олий даражадаги қарор. Бироқ бу жараёнда халқ олдида фақат икки саволдан бирига жавоб бериш имконигина бўлади: Конституция матнини тасдиқлаш ёки рад этиш. Ўзбекистон Конституциясининг ўзига хослиги шундаки, у икки маротаба халқ муҳокамасида юртдошларимиз хоҳиш-иродаси билан бойитилди. Умумхалқ муҳокамаси давомида Конституция лойиҳаси юзасидан жами 6 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳаза билдирилган.
Ғарб олимлари дунё конституциялари таҳлили натижасида 70 та асосий мавзунинг қамраб олиниши бўйича 190 давлат конституцияси ва конституциявий аҳамиятдаги бошқа ҳужжатларни ўрганганда давлатимиз Асосий қонуни 0,59 натижани кўрсатиб, нисбатан кўпроқ мавзуларни қамраб олгани аён бўлди. Бу жиҳатдан Австрия Конституцияси 0,57, АҚШ Конституцияси 0,49, Буюк Британиянинг конституциявий аҳамиятдаги ҳужжатлари 0,43 натижани кўрсатган.
Тарихга назар солсак, асрлар давомида шаклланган маънавий-ахлоқий қадриятлар ва инсоннинг табиий ҳуқуқлари цивилизация жараёнлари натижасида Конституция шаклига келганини кўрамиз. Конституция башарият ҳаётида илк бор инсоннинг озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим олиш, меҳнат қилиш, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларини, сўз ҳамда эътиқод эркинликларини олий қадрият даражасига кўтарди.
Мустақиллигимизнинг илк даврида қабул қилинган Конституциямиз шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда уларнинг кафолатларини аниқ-равшан белгилаб берди.
Жамшид Шодиев,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Когон туман бўлинмаси бош мутахассиси