Конституция – халқ манфаатлари кафолати
Маълумки, ҳар бир давлат ўз тараққиёт йўлини танлар экан, энг муҳим мақсад ва вазифаларини белгилаб олади.
Мамлакатимиз мустақиллигининг илк даврида қабул қилинган Конституцияда ҳам халқимизнинг хоҳиш-иродаси, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, давлат тузилиши ўз ифодасини топган.
Бош қомусимизда жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглиги кафолатланди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратилди.

Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация марказида Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети томонидан 8 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан “Конституциямиз - бахтимиз қомуси” мавзуида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда Бош қомусимиз халқимизнинг кўп минг йиллик бой миллий давлатчилик тарихий-ҳуқуқий ва маънавий меросига асосланганлиги, мамлакатимиз ҳудудида давлатчилик ва ҳуқуқ тарихи ўзининг чуқур илдизларига эга бўлиб, қадим-қадим даврларга бориб тақалиши хусусида сўз борди. Талаба-ёшларга Конституциямизнинг тарихи ва бугунги ҳаётимиздаги ўрни ҳақида тушунчалар берилди.

Қайд этилганидек, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз “Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади”, деб таъкидлаган. Шу нуқтаи назардан, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш биз бунёд этаётган демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони ҳисобланади.
Тадбир доирасида Миллий гвардия ашула ва рақс ансамбли томонидан Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Гулноза Бобоева, ЎзА