Конституция – ҳуқуқларимиз кафолати
ФОТОРЕПОРТАЖ
Андижон шаҳридаги 7-умумтаълим мактабида “Конституция – менинг ҳуқуқларим кафолати” мавзуида маърифий очиқ дарс ва ижодий кўрик-танлов ўтказилди. Тадбирда ўқувчилар мамлакатимиз Асосий қонунида белгиланган болалар ҳуқуқлари, уларнинг таълим олиш, ижод қилиш, эркин фикр билдириш имкониятлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлди.
Тадбир доирасида тарих фани ўқитувчиси Замира Тоҳирова юқори синф ўқувчилари билан очиқ дарс ўтди. Дарсда Конституциянинг асосий боб ва моддалари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатлари, фуқаролик бурчининг аҳамияти ҳақида тушунчалар берилди.
[gallery-26490]
Дарс жараёнида ўқувчилар Ўзбекистон Республикаси Конституциясидаги муҳим моддаларни ўрганиб, ўқитувчи томонидан тайёрланган саволларга жавоб берди, амалий машғулот орқали билимини мустаҳкамлади.
– Бу каби тадбирлар ёш авлоднинг ҳуқуқий маданиятини оширишда муҳим ўрин тутади, - дейди мактаб директори Гулнора Зоҳидова. – Конституция – мамлакат тараққиётининг мустаҳкам пойдевори. Бизнинг мақсадимиз ўқувчиларга Бош қомусимиз моҳияти ва аҳамиятини ёшлигидан англатиш.
Шунингдек, тадбир доирасида “Конституция ва мен” мавзусида ижодий ишлар кўргазмаси ташкил этилди. Ўқувчилар ўзлари чизган тасвирий санъат ишлари орқали Конституцияга оид тасаввур ва фикрларини ифода этди. Болаларнинг ижод намуналари қонунга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва келажакка ишончни акс эттирди.
Шу каби маънавий-маърифий тадбирлар ёшларнинг ҳуқуқий дунёқарашини кенгайтириш, Конституциянинг ҳаётимиздаги ўрнини чуқурроқ англатишга хизмат қилмоқда.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА