Конституция – фаровон ҳаёт гарови
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Конституция – фаровон ҳаёт гаровидир” мавзуида конференция бўлиб ўтди.
Конституция қабул қилинганининг 28 йиллигига бағишлаб ўтказилган анжуманда парламент аъзолари билан бир қаторда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти вакиллари, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, сиёсий партиялар фаоллари ва журналистлар иштирок этди.
Ўзбекистон парламентига сўнгги йилларда янги ва ҳақиқий ваколатлар берилдики, булар ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан назорат ўрнатиш, давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг стратегик йўлларини белгилашда парламентнинг иштироки самарадорлигини ошириш имкониятини яратаётир. Бугун парламент демократик ва коллегиал тарзда ишлашнинг энг яхши намуналарини намойиш этмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, очиқ ва эркин фикр билдириш муҳитини яратишга ҳисса қўшмоқда.
Тадбирда кейинги пайтларда Бош қомусимизга бир қатор муҳим ўзгартиришлар киритилгани, бу ўз навбатида, мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида кенг қамровли ислоҳотларнинг босқичма-босқич, тизимли амалга оширилишида долзарб аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
– Асосий қонунимизда буюк неъматлар орасида энг улуғи – “инсон учун” деган ғоя илгари сурилиб, уни улуғлаш, унинг эркин камол топиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш ўз аксини топган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Донёр Ғаниев. – Бошқача айтганда, “фуқаро-жамият-давлат” ўртасидаги изчил ҳамкорликнинг ҳуқуқий ечими асослаб берилган. Шундай экан, сизу биз ўз ҳуқуқ ва эркинликларимизга эга бўлишимиз билан бир қаторда, ўз бурчларимизни ҳам унутмаслигимиз лозим. Лекин афсуски, кўп фуқароларимиз ўзларининг ҳуқуқ, эркинлик ва бурчлари моҳиятини тўла англаб етмай, улардан фойдаланмайди, ўз бурчларини тўлалигича адо этмайди. Ҳолбуки, Бош қомусимиз халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла мос келади, ўзида қадимий анъаналаримиз, менталитетимизга мос жиҳатларни акс эттиради.
Конференцияда қуйи палатага сайланган ёш депутатлар ҳамда соҳа мутахассисларининг маърузалари тингланди. Уларда асосий эътибор ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати, инсон манфаатлари пойдевори бўлган Конституциянинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти, барча соҳалар қаторида илм-фанни ривожлантиришдаги ролига қаратилди. Айниқса, асосий қонунимизни чуқур ўрганиш, унга қатъий амал қилиш, ундаги умуминсоний қадриятларни ёш авлод қалбига сингдириш зарурлиги таъкидланди.
Моҳинур Қудратуллаева, ЎзА