Кончиликдан топилган бахт
Зармитан тоғлари узра қуёш бош кўтара бошлади. Атрофдаги сукунатни кончиларнинг қадам товушлари, техника шовқини ва навбат алмашаётган ишчиларнинг суҳбати бузади.
27 йилдирки, Рашид Абилов ҳам тонгни шундай қарши олади. Қишнинг қаҳратон совуғию ёзнинг жазирамасида ҳам ўзгача ғайрат-шижоат билан иш жойига – Зармитан конига ошиқади. Бу ерда ҳар бир кун меҳнат билан бошланади. Ҳар бир ишчи ўз вазифасини бажариш учун иш жойига шошади. Чунки кончиликда вақт ҳам, масъулият ҳам ўзгача қадрланади.
Рашид Абилов 1978 йилда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида туғилган. Эсини танибдики, отаси Кенжабой аканинг ишига ҳавас қилиб, унга эргашган. Кенжабой ака Зармитан дала геология қидирув экспедициясида, сўнгра конда меҳнат қилган. Айрим вақтларда у отаси билан бирга унинг иш жойига бориб, болалик ҳаваси ила жараёнларни кузатган. Балки ана шунда унинг қалбида кончиликка иштиёқ уйғонгандир. Балки шунинг учун у мактабни битиргач, олий ўқув юртида ўқишга интилмади, бошқа касб-машғулот билан шуғулланмади, ҳарбий хизматни ўтаб келдию кончи бўлишга аҳд қилди.
2000 йилда Зармитан олтин қазиб олиш конида лаҳмчи сифатида иш бошлаган Рашид Абилов йиллар давомида бу ерда турли вазифаларда меҳнат қилди.
Унинг ҳаётида Зармитан кони алоҳида ўрин тутади. Чунки инсон бир жойда йиллар давомида меҳнат қилса, ўша жой унинг хотиралари, қувончлари ва ҳаёт йўлининг бир қисмига айланиб қолади. Бу ерда у ёшлик йилларини ўтказди. Устозлардан сабоқ олиб, касб ўрганди ва жамоада ҳурмат қозонди. Ҳамкасблар орттирди.
Бугун ортга қараб, ўша йилларни эслар экан, Рашид ака учун ҳар бир кун, ҳар бир смена, ҳар бир ўрганилган касб сири қадрли хотира бўлиб қолган.
– Кондаги 27 йиллик фаолиятим доимий ўрганиш, изланиш билан кечмоқда, – дейди Рашид Абилов. – Чунки бошқа соҳалар сингари кончилик ҳам йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда, янги техника ва технологиялар кириб келяпти. Уларни пухта ўрганмай туриб, ишлаш қийин. 20 йил аввалги техника ва жиҳозлар бугунга келиб, анча замонавийлашди, ишчилар учун қулай, бошқариш осон бўлди. Илгари конда кун давомида бажарган ишимизни бугунги техника ва механизмлар ёрдамида икки-уч соатда бажариш мумкин. Бундан ташқари, ишчи-ходимлар учун ҳар томонлама қулай шароит, хавфсиз иш муҳити яратилди. Дам олишимиз, тиббий-ижтимоий хизматлардан фойдаланишимиз учун ҳам кенг имкониятлар мавжуд. Бундай шароитда ишлаб чарчамайсан, ишга иштиёқ билан келасан. Ана шу имконият ва қулайликлар туфайли комбинатимиз ишлаб чиқариш ҳажми йил сайин кўпаймоқда ва мамлакатимиз иқтисодиётидаги ўрни ошмоқда. Бунда менинг ҳам оз бўлса-да ҳиссам борлигидан фахрланаман.
Замонавий техника кончининг меҳнатини енгиллаштиргани билан унинг масъулиятини камайтиргани йўқ. Аксинча, янги техника билан ишлаш учун янги билим, янги кўникма ва юқори масъулият талаб этилади. Бу борада эса устоз-шогирд анъанаси кончиликда алоҳида аҳамиятга эга. Чунки ер остидаги меҳнатда назарий билимнинг ўзи етарли эмас. Тажриба керак. Ҳар бир ҳаракатни ўйлаб бажариш, техника ва иш шароитини ҳис қилиш, ҳамкасблар билан бир-бирини қўллаб-қувватлаш зарур.
– Кончиликда менга яқиндан ёрдам берган, устозлик қилган Абдурасул Эшмирзаев, Пардабой Мингбоев ва бошқа ҳамкасбларимдан миннатдорман, – дейди Рашид Абилов. – Устозлардан ўрганилган сабоқ фақат ишнинг техник томони билан чекланмайди. Кончиликда эҳтиёткорлик, масъулият, жамоа билан ишлаш, ҳар бир ишга жиддий ёндашиш каби фазилатлар ҳам устоздан шогирдга ўтади. Бугун энди ўзим ҳам ёшларга устозлик қилиб, тажрибаларимни, касб сирларини ўргатяпман.
Рашид Абиловнинг кондаги чорак асрдан ортиқ меҳнат фаолияти эътибор ва эътирофдан четда қолмаган. Шу пайтгача у Навоий кон-металлургия комбинатининг III ва II даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони билан тақдирланган, кўплаб рағбатлантиришларга лойиқ кўрилган. Яқинда Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Президент фармонига кўра, “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
– Ҳар йили кончилар орасидан ҳам давлат мукофотларига сазовор бўлганлар ҳақида эшитиб, уларга ҳавас қилардим, – дейди “Шуҳрат” медали соҳиби Рашид Абилов. – Ўзимизнинг Зармитандан ҳам бир нечта ҳамкасбимиз шундай мукофотлар олганида жуда хурсанд бўлганмиз. Шу йил 22 август куни кечки пайт кадрлар бўлимидан қўнғироқ қилиб, Президент томонидан менга “Шуҳрат” медали берилганини айтишганида, аввалига ишонмадим. Кейин раҳбарларимиз табриклашди, бир зумда телефон қўнғироқлари кўпайиб кетди. Жуда кучли ҳаяжон, қувонч бўлди. Дарров ота-онамнинг олдиларига бориб, уларга хушхабарни етказдим, фарзандларим, оилам табриклашди. Оддий бир кончига давлат томонидан шундай эътибор кўрсатилиши, фахр, албатта. Қолаверса, шу касб туфайли рўзғор тебратяпман, уч фарзандимни ўқитяпман, ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун имконият яратиб беряпман. Аслида, шунинг ўзи мен учун катта бахт, давлат мукофоти эса бундан буён ҳам янада шижоат билан меҳнат қилишим учун билдирилган ишончдир.
Ғолиб Ҳасанов,
ЎзА мухбири