Кончилар учун қўшимча қулайликлар яратилди
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Қўшработ туманидаги, “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти Жанубий кон бошқармаси “Зармитан” конида ишчи-ходимлар учун маиший бино фойдаланишга топширилди.
400 ўринга мўлжалланган замонавий бинода ювиниш, кийиниш, кийим-кечакларни сақлаш ва қуритиш хоналари, шунингдек, тиббиёт пункти ташкил этилган. Бинонинг замонавий ускуналар билан жиҳозлангани иш жараёнида инсон омили ва хавфсизлик масалаларига қай даражада жиддий ёндашилаётганини кўрсатади. Хусусан, тиббиёт пунктида ўрнатилган жиҳозлар ишчи-ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтиши ва саломатлигини асрашда муҳим аҳамият касб этади.

– Янги маиший бинода ишчи-ходимлар учун барча зарур шароит яратилган, – дейди Жанубий кон бошқармаси капитал қурилиш бўлими бошлиғи А.Сафаров. – Айниқса, тиббиёт пунктининг замонавий ускуналар билан таъминлангани ишчилар саломатлигини назорат қилишда катта имконият беради. Бу эса меҳнат хавфсизлиги ва инсон саломатлигига бўлган эътиборнинг амалий ифодасидир.
Бинони фойдаланишга топшириш муносабати билан ўтказилган тадбирда комбинат раҳбарияти, Самарқанд вилояти ва Қўшработ тумани ҳокимликлари вакиллари, Жанубий кон бошқармаси ишчи-ходимлари ҳамда меҳнат фахрийлари иштирок этди.

“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси – бош директор Қувондиқ Санақулов йиғилганларни мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги ва янги бино билан табриклади. Шунингдек, тадбирда “Зармитан” кони ишчи-ходимларининг заҳматли меҳнатлари эътироф этилиб, уларнинг бир гуруҳи комбинат маъмурияти ва касаба уюшмаси кенгаши томонидан кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар ҳамда қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири