Кончилар касб байрамини нишонлади
Мамлакатимизда май ойининг учинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни” этиб белгиланган. Мазкур сана муносабати билан Учқудуқ шаҳридаги “Лочин” ўйингоҳида байрам тадбири ташкил этилди.
“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖнинг Шимолий кон бошқармаси таркибидаги “Шарқий”, “Довғизтов”, “Ауминзо-Амантой” конлари, 3- ва 5-гидрометаллургия заводлари ва бошқа бўлинмаларда қарийб 14 минг нафар ишчи-ходим меҳнат қилиб келмоқда.
Шимолий кон бошқармасида 2026 йилнинг I чораги бўйича кон массаси қазиб олиш режаси 102,5 фоизга бажарилди.

Корхонанинг энг катта дастурларидан бири бўлган “Кокпатас” ва “Довғизтов” олтин конларида маъдан қазиб олиш. III навбат” инвестиция лойиҳаси доирасида 3-гидрометаллургия заводининг майдалаш цехидаги 8-тегирмон блокида I босқич майдалаш тегирмони қурилиб, фойдаланишга топширилди. Заводдаги мавжуд флотация ускуналари қаторига яна қўшимча равишда худди шундай ускуналар келтирилди. Ушбу инвестицион лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида заводнинг сульфидли маъданларни йиллик қайта ишлаш кўрсаткичи жорий йилнинг ўзида 10,3 миллион тоннага етказилади.
Шунингдек, касб байрами арафасида Биооксидлаш цехи реакторларидаги ҳароратни барқарорлаштириш, микроорганизмларнинг ёз ойларида фаоллигини юқори даражада сақлаш, биооксидлаш жараёни кўрсаткичларининг меъёрдан оғишининг олдини олиш мақсадида завод ҳудудида қўшимча совутиш минораси ишга туширилди.

Байрам тадбирида корхона бўлинмаларида фаолият олиб бораётган бир гуруҳ ишчи-ходимлар “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони, “НКМК фахрийси” унвони ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
– Болаликдан техникага қизиққаним сабабли тоғ-кон механизмларини таъмирлаш йўналиши бўйича ўқидим ва танлаган касбимнинг сир-асрорларини пухта ўзлаштиришга ҳаракат қилдим, – дейди 5-гидрометаллургия заводи бош механиги Нодирбек Тажидинов. – Комбинатда ихтирочилик, янгиликлар яратиш учун барча имкониятлар яратиб берилган. Бугунги кунда ишлаб чиқаришга жорий этилган ва корхонага иқтисодий самара келтираётган 10 дан ортиқ рационализаторлик таклифи муаллифиман. Касб байрами арафасида III даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони билан тақдирланганимдан хурсандман. Ушбу эътироф нафақат менинг, балки заводимиз жамоасининг меҳнатига берилган муносиб баҳо, деб биламан.
Тадбирда Муқимий номидаги мусиқали драма театри актёрларининг чиқишлари йиғилганларга байрамона кайфият улашди.


А.Бўриев, ЎзА мухбири