Иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш масалалари мутахассислар эътиборида
Халқаро иқлим куни муносабати билан Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамда Иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш масалалари бўйича комиссияси ҳамкорлигида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University)да давра суҳбати ташкил этилди.
Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, эколог олимлар ва мутахассислар, олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида мамлакатимизда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси, Экофракция аъзоси Хайрулло Ғаффоров маъруза қилди. Депутат ўз сўзида экология соҳасидаги қонунчилик асослари такомиллаштириб борилаётгани, хусусан, “Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисида”ги қонун қабул қилингани тўғрисида айтиб ўтди.

Шунингдек, Қонунлик палатасида Иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш бўйича комиссия ташкил этилгани бу йўналишдаги ислоҳотларнинг муҳим қисми эканини алоҳида қайд этди.
Тадбир давомида соҳа мутахассислари иқлим ўзгаришларига мослашиш, бу борада илмий асосларни ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш кабилар ҳақида тўхталиб, бир қатор таклиф ва тавсияларни билдирди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА