Комиллик камоли
Мунавварларимиз
Юзаки қараганда, одам одамга ўхшайди.
Аслида-чи?
Ҳатто, бир томчи сувдек бир-бирига ўхшайдиган эгизакларнинг ҳам бармоқ излари бир-бирига айнан мос тушмайди. Феъл-атворини-ку қўя турайлик. Шунинг учун дунёга келган ҳар бир соғлом чақалоқнинг келажакда ўзини ҳеч кимга ўхшамаган бир шахсга айлантириш, ҳеч ким эришмаган комиллик камолига еткариш имкони мавжуд.
Амалда эса ҳамма вақт ҳам бундай бўлавермайди. Шахс камолоти йўлидаги жуда катта рақобат майдонида бутун бир мамлакат халқи орасида таниқли бўлган зиёли ҳадеганда етишиб чиқавермайди. Кўплар ора йўлда қолиб кетади.
Шу маънода Қобилбек Тўхтабекович Каримбеков – юртимизнинг таниқли зотларидан бири.
У 1956 йилнинг 22 июли куни Тошкент шаҳрида туғилган. Эҳтимол, у босиб ўтган йўлни бир нафасда айтиб, адо этиш мумкиндир ҳам. ТошДУ(ҳозирги ЎзМУ)нинг Тарих факультетини имтиёзли диплом билан тугатган (1978). Шу таълим даргоҳида ўқитувчи, аспирант, катта ўқитувчи бўлган (1978 – 1993). Ўзбекистон телевидениесининг “Халқаро” каналида сиёсий шарҳловчи (1993 – 1996), Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида бош консультант (1996 – 1999), “Ўзбекистон” телеканали “Сиёсат” студиясида сиёсий шарҳловчи (1999 – 2006),“O‘zbekiston” телерадиоканали” давлат унитар корхонаси “Ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий дастурлар” бош муҳарририяти “Парламент” бўлими бошлиғи (2006), “Янги жамият” сиёсий, ҳуқуқий-маърифий кўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар студиясида бўлим мудири (2006 – 2015), “Маҳалла” телерадиоканали” давлат унитар корхонасида “Маънавий-тарбиявий дастурлар” муҳарририятида бош мутахассис – маслаҳатчи (2015 – 2017) бўлиб ишлаган. Ҳозирги пайтда Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказий институтининг “Маънавият асослари” кафедраси катта ўқитувчиси сифатида меҳнат қиляпти.
Аммо бу пиллапоялар шунчаки босиб ўтилгани йўқ. Бу йўлларда у ўзини тинимсиз равишда ўстирди, ўқиб, ўрганди, тарбияланди, шахс ва мутахассис сифатида шаклланди.
Шўро даврида Ўзбекистонимизда ҳам халқаро шарҳ яхши ривожланган эди. Собир Қурбонов, Турсун Қоратоев, Насриддин Муҳаммадиев, Аҳмаджон Мелибоев, Абдухалил Маврулов, Қуддус Аъзам, Ғафур Жамолов ва яна бошқа кўп зиёлиларимиз ҳар ҳафта радио ва телевидение орқали мавжуд халқаро аҳволдан халқни мунтазам равишда хабардор қилиб борар эди. Шулар орасида Қобилбек Каримбековнинг ҳам алоҳида ўрни ва мавқеи бор эди. Юқоридан халқаро вазиятга нисбатан давлат позицияси асосий йўналишларини белгилаб берилган кўрсатмалар ҳам юборилиб турар эди, албатта. Халқаро сиёсат асосий об-ҳавосини айтиб туришда Ер юзининг кучли овозга эга бўлган иккинчи давлати сифатида бунга катта эҳтиёж ҳам бор эди.
Мустақилликнинг дастлабки чорак асрида халқаро шарҳловчилар калаванинг учини йўқотиб қўйди. Чунки эндигина ўз эркини қўлга киритган, мураккаб ижтимоий-иқтисодий бир шароитдан аста-секин ўзини ўнглаб олаётган давлат учун дунёнинг катта сиёсати ҳақида баралла овоз билан сўз юритиб, муносабат юритиш амалда зиёнга кетиши мумкин эди. Ахир, биз аввал кўп-кўп давлатлар билан дипломатик муносабатларни ўрнатиб олишимиз, шу тариқа ҳамкорликларни янгидан бошлашимиз зарур эди. Оммавий ахборот воситаси орқали билдирилган ҳар бир муносабат бошқа давлат тарафидан қандай қабул қилинишини олдиндан башорат қилишнинг эса ҳеч ҳам иложи йўқ.
Очиғи, Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки 25 йилида олиб борган ёпиқ сиёсат ўз-ўзидан мамлакат медиасида халқаро шарҳнинг йўлини тамоман беркитиб ташлади. Эҳтимол, биз учун шу тўғри йўл бўлгандир ҳам.
Шу тариқа халқаро шарҳловчилар сиёсий шарҳловчиларига айлана борди. Яъни энди улар, асосан, Ўзбекистоннинг ички сиёсатини шарҳлашга ўтди. Аслида, бу ҳам осон иш эмас эди. Давлат сиёсатининг туб моҳиятини халққа англатиш ўша йиллари муҳимдан-муҳим ва муқаддас вазифа эди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази мамлакатнинг таниқли-таниқли зиёлиларини атрофига жамлади. Айниқса, 1999 йили Республика Маънавият ва маърифат кенгаши ташкил этилганидан кейин бу иш ниҳоятда жонланди. Вақти-вақти билан минтақаларга рсепублика тарғибот гуруҳлари жўнатилиб турди. Улар шаҳар, қишлоқ ва овулларда халқ билан бевосита мулоқотлар ташкил этиб, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий мавзуларда маърузалар ўқиди, суҳбатлар, давра суҳбатлари уюштирди. Мамлакатнинг мавжуд 14 минтақасида ҳам корхона ва ташкилотларда муайян мавзулар бўйича маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш бўйича Республика Маънавият ва маърифат маркази ва унинг минтақавий ва ҳудудий бўлимлари билан шартномалар тузилиб, изчил тарғибот тизими шакллантирилди. Республика Маънавият ва маърифат маркази ва унинг минтақавий бўлимларида тарғибот ишларига дахлдор мутахассислар малакасини ошириш курслари мунтазам равишда фаолият олиб борди.
Бу ишларнинг барида қаҳрамонимиз фаол иштирок этди.
Бугун бир нарсани очиқ тан олиб айтиш керакки, зиёлиларнинг ҳаммаси ҳам халқ олдида очиқ чиқиш қила олмайди. Бир гал Нукус туманида тадбир ўтказдик. Қорақалпоқ давлат университетининг бир доценти қорақалпоқ тилида ёзган маърузасини қоғоздан ҳижжалаб ўқиб берди. Одамлар унинг нутқидаги сиёсий-ҳуқуқий тушунчалар моҳиятига етмади. Кейин бир воиз ўзбек тилида қоғозсиз сўзлади. Ҳамма тушунди. Бу иштирокчиларнинг юз-кўзларидан, кейин берилган саволларидан яққол билинди.
Қобилбек халқ билан тиллашишнинг ҳадисини олган. Ҳеч қачон ҳаяжон-ҳиссиётсиз гапирмайди. Баъзиларга ўхшаб, ёзиб келган қоғозига эмас, одамларнинг кўзига қараб сўзлайди. Унда равон, халқона, таъсирчан нутқ санъати шаклланган. Гапираётганда “э”, “а”, “им”, “ҳим”... ёки ўринли-ўринсиз равишда “ҳалиги”, “анақа”, “дейлик”, “демак” деявермайди.
Сиёсий шарҳловчи учун тил саводхонлигининг ўзи етарли эмас. Сиёсий жиҳатдан адашмаслик керак. Бунинг аҳамиятини бир-икки мисол билан тушунтиришга тўғри келади.
1989 йилнинг 21 октябрида ўзбек тилига давлат тили мақоми берган қонун қабул қилинди. Шу қонунни зиёлиларимиз баъзан “Давлат тили тўғрисида” деб тилга олади. Тўғри, ҳозирги пайтда қонунларни “тўғрисида” сўзи билан қабул қилиш урфга кирган. Лекин 1989 йили у “Давлат тили ҳақида” деб қабул қилинганми, тамом, энди уни фақат шу тарзда тилга олишга мажбурмиз.
Бир мақоламизда жумла: “Марказий Осиёнинг Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон Республикалари ва Туркманистон...” – деб бошланган эди. Кўриниб турибдики, бунда дастлабки тўрт давлат кирилл ёзуви асосидаги ўзбек алифбоси ҳарфлари тартиби бўйича тилга олинган. Газета ходими уни мана бундай тарзда “таҳрир” қилибди: “Марказий Осиёнинг Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистон Республикалари...” Бир қарашда, ҳаммаси силлиққина кўчгандек. Ҳолбуки, алифбо тартиби бўйича “Туркманистон” сўзи “Тожикистон” сўзидан кейин қўйилиши керак эди. Муҳаррир буни фаросат қилмаган. Майли, бу хато – ҳали ҳолва: энг ёмони, “Туркманистон Республикаси” деган давлат дунёда йўқ. Чунки у республика эмас. Давлатнинг номи – “Туркманистон”, вассалом. Ташқи ишлар вазирлигида иккинчи даражали иккинчи котиб дипломатик мартабаси билан “Спич райтер” (“Нутқ ёзиш”) гуруҳи раҳбари бўлиб ишлаган собиқ дипломат бу борада хато қилиши асло мумкин эмас эди. Шунинг учун Туркманистон бошқа тўрт республикадан ажратиб ёзилган эди.
Сиёсий шарҳловчи давлатнинг Конституцияси, Кодекслари, қонунлари, Президент фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва ҳоказоларни таҳлил қилаётган мавзуси талаб этадиган даражада пухта-пишиқ билиши керак.
Биз фааолияти ҳақида сўзлаётганимиз сиёсий шарҳловчи ана шундай фазилатларга эга, ҳатто, бугун у шу соҳага қадам қўяётган кўплаб ёшлар учун катта тажриба мактабига эга устоз ҳам.
У“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” (2016) фахрий унвони, “Шуҳрат” медали (2001), “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони (2002), “Ўзбекистон “Veteran” бирлашмаси олдидаги хизматлари учун” медали (2021), I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони (2023) билан тақдирлаган, шунингдек, Халқаро “Antiques World” (“Антик дунё”) илмий академияси аъзоси, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети фахрий профессори ҳисобланади.
Жуфти ҳалоли Гуландом Каримбекова билан уч қиз, икки ўғилни тарбиялаб, вояга етказишди, кўплаб неваралари қуршовида умргузаронлик қилишяпти.
Зиёлининг меҳнатини арифметик рақамлар билан кўрсатиб бўлмайди. Ҳали сунъий онг ҳам бунга қодир эмас.
Бироқ бир нарса – ҳақиқат: халқимизнинг бугунги тараққиёт даражасини, унинг комил ишонч билан тезроқ ривожланган давлатлар сафидан муносиб ўрин олиш, Учинчи Ренессанс асосларини яратишдек муқаддас мақсадлар йўлидаги дадил қадам ташлаб бораётгани замирида кўп сонли зиёлиларимизнинг кўзга кўринмас ва заҳматли меҳнатлари ҳам ётибди.
Халқ – Қобилбек Каримбековдек етук бир зиёлиси билан фахрланишга ҳақли. Шу халққа хизмат қилиш учун эса ёшнинг аҳамияти йўқ. Қайтанга, 70 ёш амалда комилликнинг айни камолга етган даври ҳисобланади.
Камолот ёши Сизга муборак бўлсин, Қобилбек домла!
Султонмурод ОЛИМ,
Тошкент амалий фанлар университети профессори,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.