Комбинат зиё масканлари
Китоб инсон камолоти, ёшлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эга. Шу боисдан юртимизда аҳоли, айниқса, ёшларда китобга қизиқиш, мутолаа маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда Навоий кон-металлургия комбинати маъмурияти, Касаба уюшмаси кенгаши томонидан ишчи-ходимлар, улар оиласи ва фарзандларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун барча зарурий шароитлар яратиб берилмоқда. Замонавий маданият муассасалари, спорт-соғломлаштириш мажмуалари, кутубхоналар улар ихтиёрига берилган. Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш эса комбинатда энг муҳим устувор вазифалар сирасига киради.

– Кутубхоналар азалдан маънавият ва маърифат ўчоғи бўлиб, жамият ҳаѐтининг ажралмас қисми ҳисобланади, – дейди “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Маънавият ва маърифат маркази мутахассиси Аслиддин Рўзиев. – Бугунги глобаллашув даври, ҳар хил ғоявий таҳдид ва хуружларнинг маънавий ҳаётимизга таъсири борган сари ортиб бораётган шу паллада жаҳолатга маърифат орқали курашиш биринчи даражали вазифамиздир. Шу боис, доимий тарзда ўтказилаётган турли маънавий-маърифий тадбирларда комбинат кутубхоналари имкониятларидан кенг фойдаланиш, китоб ва унинг аҳамиятини жамоа ўртасида кенг тарғиб қилиб келяпмиз. Чунки ҳар бир шахс, айниқса, ёшларнинг маънавий камолотида китоб сингари кучли қудратга эга восита йўқ.

Дарҳақиқат, бугунги кунда комбинат тасарруфидаги 5 та техник кутубхона ҳамда “НКМК жамғармаси” давлат муассасасига қарашли Навоий, Зарафшон, Учқудуқ, Нуробод, Зафаробод шаҳарларида жойлашган кутубхоналарнинг комбинат ишчи-ходимлари, улар оила аъзолари, ёшлар, ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли учун эшиги ҳар доим очиқ.
Маълумотларга кўра, уларга ҳар йили ўртача 25-30 минг нафарга яқин кончилар, улар оила аъзолари, китобхонлар ташриф буюрмоқда.

Яна бир ютуқлардан бири – комбинат ташаббуси билан http://kitob.ngmk.uz сайти ишга туширилиши бўлди. Ҳозирги кунда минглаб нусхадаги ноёб китоб нашрлари рақамлаштирилиб, китобхонлар учун ундан бемалол фойдаланиш имконияти яратилди. Эътиборли жиҳати, бу тизимга комбинат, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ва Тошкент давлат техника университетидаги 10 та кутубхона уланган.

Бугунги кунда комбинат техник кутубхоналарининг умумий китоб фонди 124,5 минг нусхани ташкил этади. Улар жавонидан бутунжаҳон, мамлакатимиз кончилик ва металлургия саноати, Навоий кон-металлургия комбинати фаолиятига тааллуқли ранг-баранг илмий, оммабоп асарлар, илмий адабиётлар, қўлланмалар, изоҳли луғатлар, шу билан бирга, даврий босма нашрлар, бадиий ва бошқа йўналишлардаги китоблар жой олган. Ҳар йили улар фонди ноёб, янги чоп этилган китоблар билан тўлдириб борилмоқда. Биргина ўтган йили салкам 3 минг нусхада адабиётлар билан бойитилгани бунинг исботидир.

Бу имкониятлар кенг китобхонлар оммаси вакиллари билан бир қаторда корхона ишчи-ходимлари, рационализатор ва ихтирочилар, тадқиқотчилар ўқиш-ўрганиши, илмий изланишлар олиб бориши учун ҳар томонлама қўл келмоқда. Бу борада китобхонларга хизмат кўрсатиш самарали йўлга қўйилган. Айни пайтда бу муассасаларда нафақат босма асарларни тўплаш, сақлаш ёки улар электрон шаклларини яратишга, балки китобхонликни кенг тарғиб этиш ва китобхонларга етказиш борасида барча қулайлик яратилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, комбинат кутубхоналарининг ҳар бири ўзининг бой тарихига эга. Айни пайтда бешта кутубхона фаолият олиб бораётган бўлса, уларнинг тўрттаси 1964-1971 йилларда ташкил этилган. Бу маънавият масканлари ярим асрдан зиёд вақтдан буён кўп минг кишилик жамоа, илм-фан йўналишида изланишлар олиб бораётган ёшларга маърифат улашиб келаётганини англатади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири