Комбинат ишчи-ходимлари муносиб тақдирланди
“Фарҳод” маданият саройида давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ Навоий кон-металлургия комбинати ишчи-ходимларига “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони ҳамда тармоқ кўкрак нишонлари топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда Навоий кон-металлургия комбинати бош директори Қ.Санақулов барчани энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги самимий муборакбод этди.
Тадбирда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 25 августдаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, комбинатнинг 6 нафар вакили давлатимизнинг юксак давлат мукофотлари – фахрий унвон, орден ва медалларига сазовор бўлишгани алоҳида эътироф этилди.
- Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда Навоий кон-металлургия комбинати, шу жумладан, Навоий машинасозлик заводининг ўрни беқиёс. Кейинги йилларда заводимизда маҳаллийлаштириш дастури асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Яна бир муҳим маълумотни айтиб ўтсам, илгари ишлаб чиқариш корхонаси қурилса, оддий болтигача четдан олиб келинарди. Бу борада олиб борилган тинимсиз меҳнат туфайли эндиликда уларни заводимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Ҳозирда нафақат оддий болтлар, балки жуда қиммат нархда турадиган шарли тегирмонларгача Навоий машинасозлик заводида тайёрланмоқда, - дейди “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими”, завод директори Ўктам Раҳматов.
Тадбирда бир гуруҳ корхона ишчи-ходимларига “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони ҳамда турли даражадаги “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонлари берилди.
Байрам тадбирлари комбинатнинг барча бўлинмаларида кўтаринки руҳда давом этмоқда.
НКМК матбуот маркази.