Колумбияда зилзила туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Колумбияда юз берган 7,4 магнитудали вайронкор зилзиладан сўнг мамлакатда умуммиллий фавқулодда ҳолат тартиби жорий этилди.
Бу ҳақда кеча давлат раҳбари лавозимини эгаллаганига уч кун бўлган Президент Де ла Эсприэлья Абелардо маълум қилди. Унинг таъкидлашича, табиий офат асоратини бартараф этиш ва биринчи навбатда вайрона остида қолган фуқароларни қутқариш учун давлатнинг бор институционал имконияти ва ресурси сафарбар қилинади. Минтақавий марказлар ассоциацияси ахборотида камида 132 киши ҳаётдан кўз юмгани, 570 фуқаро турли даражада тан жароҳати олгани айтилган.
Айниқса Перейра, Кали ҳамда Манисалес шаҳарлари жиддий талафот кўриб, 1500 дан зиёд хонадон яроқсиз ҳолга келган, 60 га яқин бино бутунлай вайрон бўлган. 18 тиббиёт муассасаси, 52 таълим маскани шикастланган.
Қутқарув-қидирув тадбири узлуксиз давом эттирилаётгани боис, талафот кўрганлар ва қурбонлар сони ортиши мумкин. Колумбия геология хизмати ушбу офатни мамлакатнинг XXI аср тарихидаги энг кучли зилзиласи сифатида қайд этди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА