Кўлтўсинда тиббиёт пункти очилди
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 28 март куни соғлиқни сақлаш соҳасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш мақсадида олис ҳудудларда контейнерлардан иборат тиббиёт пунктлари ташкил этиш белгиланганди.
Ушбу вазифа ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилоятининг чекка ҳудудларида 165 та махсус жиҳозланган контейнер ўрнатиш белгиланган ва айни пайтда бу иш амалга оширилмоқда.


Жумладан, Пайариқ туманининг еттита олис маҳалласида ана шундай бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш пункти ўз ишини бошлади. Шу пайтгача бир неча километр масофадаги оилавий врачлик пунктлари ва поликлиникаларга боришга мажбур бўлган Дўстлик, Бурқут, Накурт, Кўлтўсин, Олмозор, Зарафшон ва Тараққиёт маҳаллаларининг олис қишлоқлари аҳолиси энди ўз яшаш жойларида ўрнатилган тиббий пунктлар хизматидан фойдаланади.
Пайариқ тумани ҳокими ўринбосари Ф.Омоновнинг қайд этишича, мазкур пунктлар орқали туман ва вилоятдаги тиббиёт марказларининг малакали мутахассислари ёрдамида жойларда тиббий кўриклар ўтказилади. Бирламчи тиббий хизмат учун зарур ускуналар етказиб берилади.


Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА