Кўкрак нишони тантанали равишда топширилди
Жиззахда инсон умрига мазмун, жамият ҳаётига файз бағишлаган ҳалол меҳнат эгаларига юксак эҳтиром кўрсатилди. Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Унда йиллар давомида турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшган нуронийлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда фаоллар иштирок этишди.
Тантанада 54 нафар жиззахлик “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Уларнинг ҳар бири тақдир йўли, касби ва ҳаёт тажрибаси билан бу эътирофга муносиб. Зеро, йиллар давомида эл хизматида бўлиш, касб масъулиятини елкада кўтариш, оила ва жамият олдидаги бурчни сидқидилдан адо этиш — бир кунда эришиладиган марра эмас. Бу — умр билан ўлчанадиган матонат ва садоқат мактабидир.
[gallery-31116]
Маросимда Жиззах вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Саҳобиддин Болиев ҳамда “Нуроний” жамғармаси Республика бошқаруви раиси ўринбосари, таниқли журналист Шароф Убайдуллев сўзга чиқиб, тақдирланганларни ва тадбир иштирокчиларини мамлакатимиз Мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий қутлади.
Мукофотларни Саҳобиддин Болиев, Шароф Убайдуллев ҳамда “Нуроний” жамғармасининг Жиззах вилояти бўлими раиси Норқул Нушаровлар топширишди.
Президент фармони ва қарори ижроси доирасида “Нуроний” жамғармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан фахрийларнинг жамиятдаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш, бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар тарбиясида самарали фойдаланиш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳамда кексаларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Тантанали тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда турли авлод вакиллари бир даврада жам бўлди. Бу эса меҳнат анъаналари, ҳаётий тажриба ва эзгу қадриятларни авлоддан авлодга етказишдек муҳим вазифага ҳамоҳангдир.
Маросим якунида нуронийлар ва меҳмонлар учун дастурхон ёзилиб, самимий суҳбатлар қурилди. Вилоятнинг санъат усталари ҳамда ижодкор ёшлар иштирокидаги концерт дастури эса байрамона кайфиятни янада кўтарди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари