Ислоҳотлар самараси — тоза сув ва замонавий оқова тизимида намоён бўлмоқда
Тараққиётни ҳар доим ҳам баланд бинолар, кенг ва равон йўллар ёки замонавий иншоотлар билан ўлчаб бўлмайди. Баъзан унинг энг ҳаққоний мезони — хонадон кранидан оқиб келаётган тоза сув, маҳалладаги замонавий оқова сув тизими ва инсоннинг кундалик ҳаётидаги оддий, аммо муҳим қулайликларда намоён бўлади.
Шу боис аҳолини сифатли ва хавфсиз ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув тизимини такомиллаштириш, мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш масаласи давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида. Бу борада белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилиши натижасида соҳада йиллар давомида тўпланиб келган муаммолар босқичма-босқич бартараф этилмоқда.
Энг муҳими, ислоҳотлар қоғоздаги режалар ёки рақамлардагина эмас, балки аҳолининг кундалик ҳаётида ўзининг амалий самарасини бермоқда.

Сирдарё вилоятида сўнгги тўққиз йилда ичимлик ва оқова сув таъминотини яхшилашга жами 2,6 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Шу даврда 2,35 минг километр ичимлик суви тармоғи, 332 километр оқова сув тармоғи, 423 та ичимлик суви ҳамда 16 та оқова сув иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Бир қарашда бу рақамлар шунчаки статистикадек туюлиши мумкин. Аслида эса ҳар бир километр ортида бир маҳалла, бир кўча, юзлаб хонадонлар, ҳар бир янги иншоот замирида эса инсон учун яратилган қулайлик ва муносиб турмуш шароити мужассам.
Буни, энг аввало, ичимлик суви билан таъминланганлик даражасида кўриш мумкин. 2016 йилда Сирдарё вилояти аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 63,9 фоизни ташкил этган бўлса, бугун мазкур кўрсаткич 88,4 фоизга етди.

Бу — шунчаки рақам эмас. Бу минглаб хонадонларда сув ташиб келишга сарфланадиган вақт тежалаётгани, санитария шароитлари яхшиланаётгани ва аҳоли учун янада қулай турмуш муҳити яратилаётганини англатади.
Сардоба туманидаги натижалар эса соҳадаги ўзгаришларнинг яққол мисолларидан бири. Бу ерда 236 километр ичимлик суви тармоғи ва 18 та иншоот барпо этилди. Натижада аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 13 фоиздан 94,2 фоизга етказилди.

Аслида, ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳам шунда — йиллар давомида ечимини кутаётган муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш, одамлар ҳаётида сезиларли ўзгаришларга эришиш.
Сув таъминоти билан бир қаторда, оқова сув тизимини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш қанчалик муҳим бўлса, фойдаланилган сувни хавфсиз чиқариш ва тозалаш ҳам инсон саломатлиги, санитария-эпидемиологик осойишталик ва атроф-муҳит муҳофазаси учун шунчалик аҳамиятли. Шу мақсадда Ислом тараққиёт банки иштирокида умумий қиймати 57,5 миллион доллар бўлган «Сирдарё вилоятининг Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарларида канализация тизимларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш» лойиҳаси 2017–2024 йилларда амалга оширилди.
Лойиҳа доирасида 3 та оқова сув тозалаш иншооти, 106,7 километр оқова сув қувурлари барпо этилди, 9 та оқова сув насос станцияси қурилиб, 13 таси реконструкция қилинди. Шунингдек, тизимнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 1,8 миллион доллар маблағ ҳисобидан 24 та махсус техника харид қилинди.
Амалга оширилган ишлар натижасида Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарларидаги 24 та маҳаллада 135,7 минг нафар аҳоли марказлашган оқова сув хизмати билан қамраб олинди.
Бу, ўз навбатида, оқова сув тизими фақат коммунал хизмат эмас, балки аҳоли саломатлиги, санитария-эпидемиологик осойишталик ва экологик барқарорликни таъминлашнинг муҳим қисми эканини кўрсатади.

Соҳадаги ишлар бу билан чекланиб қолаётгани йўқ. Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида қиймати 76 миллион доллар бўлган, 2023–2027 йилларга мўлжалланган лойиҳа доирасида ичимлик ва оқова сув тизимларини янада такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида 117 та сув қудуғини қуриш ва реконструкция қилиш, 473 километр сув тармоғини барпо этиш ва янгилаш, 1 та ичимлик суви насос станцияси ҳамда 121 та ичимлик суви минораси қуриш режалаштирилган.
Оқова сув тизимида эса 16 700 куб метр/сутка қувватга эга тозалаш иншооти, 232,2 километр оқова сув тармоғи ва 21 та янги насос станцияси барпо этилади.
Лойиҳа тўлиқ амалга оширилиши натижасида 242 минг нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланади, 76 минг нафар аҳоли эса марказлашган оқова сув тармоқларига уланади.
Бу каби йирик лойиҳаларнинг аҳамиятини фақат сарфланган маблағ ёки қурилган тармоқлар ҳажми билан баҳолаб бўлмайди. Уларнинг асосий натижаси — аҳолининг турмуш сифати, санитария шароити ва коммунал хизматлардан фойдаланиш имкониятларининг яхшиланишида намоён бўлади.

Айниқса, мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида ҳудудларда инсон учун муносиб турмуш шароитини яратишга қаратилган бунёдкорлик ишлари янги мазмун касб этмоқда. Муҳандислик-коммуникация тармоқларининг янгиланиши, замонавий сув ва оқова сув иншоотларининг барпо этилиши ҳам ана шу эзгу мақсаднинг узвий қисми ҳисобланади.
Зеро, мустақиллик йилларида эришилган тараққиётни фақат иқтисодий кўрсаткичлар ёки қурилган иншоотлар билан эмас, балки инсон ҳаётидаги ўзгаришлар билан ҳам баҳолаш муҳим. Хонадонга кириб келаётган тоза сув, ишончли оқова сув тизими, янгиланган инфратузилма — аҳоли фаровонлиги ва инсон қадрига бўлган эътиборнинг амалий ифодасидир.
Сирдарёда ичимлик суви билан таъминланганлик даражасининг 63,9 фоиздан 88,4 фоизга кўтарилгани, минглаб километр тармоқларнинг янгиланиши ва йирик инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилаётгани соҳадаги ислоҳотлар изчил давом этаётганини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, олдинда турган вазифалар ҳам талайгина. Мавжуд тармоқларнинг техник ҳолатини яхшилаш, сув таъминотининг узлуксизлигини таъминлаш, хизматлар сифатини ошириш ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш орқали аҳолининг бу борадаги эҳтиёжларини янада тўлиқ қондириш муҳим.

— Энг муҳими, сув таъминотидаги ҳар бир янги тармоқ ёки иншоот ортида, аввало, инсон манфаати турибди. Бугунги асосий вазифа фақат қурилиш ишларини амалга ошириш эмас, балки уларнинг самарасини аҳоли кундалик ҳаётида таъминлашдан иборат. Шу боис ҳар бир лойиҳани амалга оширишда сув сифати, таъминотнинг узлуксизлиги ва хизмат кўрсатиш самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сирдарёда бу борадаги ишлар изчил давом эттирилади, — дейди «Сирдарё сув таъминоти» АЖ раҳбари Шаҳбоз Акромов.
Бугун Сирдарёда барпо этилаётган ҳар бир километр сув тармоғи ортида инсон манфаати, ҳар бир янги иншоот замирида эса келажакка қаратилган эзгу мақсад акс этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири