Кўкрак бези саратони: халқаро экспертдан маҳорат сабоғи
Аёллар саломатлигини асраш, жумладан, хавфли ўсмаларни ўз вақтида бартараф этиш бугунги кун тиббиётининг энг нозик ва масъулиятли йўналишларидан бири. Айниқса, илғор хорижий амалиётни тўғридан-тўғри маҳаллий клиникалар фаолиятига интеграция қилиш соҳада сифат ўзгаришларини жорий этишда муҳим аҳамият касб этади. Ана шундай эзгу мақсад йўлида пойтахтимиздаги Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида Россиянинг «Миссия Добро» лойиҳаси доирасида халқаро тадбирлар бошланди.
Жорий йилнинг 26-28 октябрь кунларига мўлжалланган ушбу нуфузли тадбир доирасида 16 йиллик бой касбий тажрибага эга юқори малакали мутахассис Екатерина Евгеньевна юртимизга ташриф буюрди. Эксперт аёллар касалликлари ва хавфли ўсмаларни барвақт ташхислаш ҳамда даволаш, интервенцион ультратовуш диагностикаси, шунингдек, аъзони сақлаб қолувчи, онкопластик, реконструктив-пластик ва эстетик жарроҳлик йўналишларида самарали фаолият юритиб келмоқда.
Тадбир дастури амалий ва илмий йўналишларни уйғунлашган ҳолда қамраб олган бўлиб, «Кўкрак бези саратонини жарроҳлик йўли билан даволашнинг замонавий усуллари» мавзусида маҳорат сабоғи ўтказилди. Унда маҳаллий мутахассислар мазкур касалликни бартараф этишнинг энг сўнгги илғор ёндашувлари ва янги амалий технологияларни яқиндан ўрганди.
Шунингдек, соҳа ходимлари учун илмий-амалий маърузалар режалаштирилган.
Уч кунлик дастур доирасидаги бундай жонли мулоқотлар ва мастер-класслар фақатгина назарий билимларни ошириб қолмасдан, ҳар бир шифокорнинг кундалик амалиётига янгича клиник ёндашувларни олиб киради. Энг асосийси, бу каби халқаро ташаббуслар кўкрак бези хасталикларини эрта босқичларда аниқлаш кўламини кенгайтиради.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА