Кўкдалада мудофаа ишлари бўлими ҳам фаолият бошлади
Қашқадарё вилоятида янги ташкил қилинган Кўкдала туманида бошқа ижтимоий соҳа объектлари қаторида бугун туман мудофаа ишлари бўлими ҳам янгича дизайн ва форматда қуриб битказилган бинода фаолият бошлади.
Бинонинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими М.Азимов ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўмондонининг биринчи ўринбосари, полковник Ш.Ҳаиров ва бошқалар иштирок этиб, замонавий ва кўркам кўринишда қуриб битказилган мудофаа ишлари бўлимининг биноси ёшларни чинакам ҳарбий хизматга тайёрловчи, уларда ватанпарварлик, мардлик ва жасорат туйғуларини шакллантирадиган масканга айланишини таъкидлади.
Тадбир иштирокчилари бинода яратилган қулайлик ва шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Замонавий дизайн асосида барпо этилган ушбу бинода навбатчиликни ўташ учун хона, бошқарув пункти, архив, жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш учун махсус жой, чақирилувчилар ва ҳисобда турувчилар ҳақида электрон маълумотлар базасини юритиш хонаси мавжуд. Хизмат хоналари мебель, қиш-ёз тизимида ишлайдиган совитиш тизимлари, компьютер жамланмалари ва бошқа зарур буюмлар билан тўлиқ жиҳозланган.
Бинонинг ички деворларига осилган армиямизнинг жанговар қудрати, салоҳияти, буюк аждодларимизнинг жасоратидан дарак берувчи кўргазмали воситалар бу ерга келадиган ёшлар мамлакатимизнинг мудофаа салоҳияти ҳақида кенгроқ билим ва маълумотларга эга бўлишида муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири