Кўчатлари билан гаплашадиган деҳқон
Қаҳрамонимиз Абобакр ота Толибов ҳеч тиниб-тинчимайдиган, серҳаракат, дуогўй ва нуроний отахонлардан. Қайси даврага кириб бормасин, алоҳида ҳурмат билан қарши олишади. Нотўғри гап айтаётган, бировнинг ортидан ғийбат қилаётган кишини кўрса, дакки бермасдан ўтмайди. Шунинг учун ҳам у киши бўлган давраларда фақат мазмунли суҳбат қурилади.
Сирдарё вилояти, Мирзаобод туманининг, Мирзо Улуғбек маҳалласида яшовчи ота 2019 йили хонадони атрофидаги даладан бир гектар ер олиб, тут кўчати етиштиришга ихтисослаштирилган “Дунёбегим” фермер хўжалигига асос солган.
Тасаввур қиляпсизми, олтмиш олти ёшда фермерликни бошлаш кимнинг хаёлига келибди, дейсиз. Отадан бу ғайратнинг сабабини сўраганимизда шундай жавоб қайтарди:
– Болалигимиз меҳнатда ўтган. Қишлоғимизда отамни танимайдиган одам йўқ эди. Ҳамма мени Орифхўжа деҳқоннинг ўғли, деб яхши кўрарди. Онам ҳам камтар, камсуқум аёл бўлган. Отам ҳамиша ҳалол яшашни, бировнинг қўлига қараб ўтирмасдан меҳнат қилишни, ака-укаларга нисбатан меҳр-оқибатли бўлишимизни уқтириб ўстирган. Шу сабабли ҳам меҳнатни яхши кўраман. Жим ўтиришга сабрим чидамайди. Ҳамма ўтириб, ётиб дам олса, мен ишлаб дам оламан-да, болам.
Сувлари бир-бири билан қувлашмачоқ ўйнаётган ариқ бўйида ўтириб, дала шабадасида рақсга тушаётган тут кўчатларига қараб дилим яйради. Чиндан ҳам инсоннинг қўли гул экан. Ҳалол меҳнат билан қоқ дала марказида тутзор бунёд этиш анча-мунча одамнинг қўлидан келмайдиган иш. Лекин ҳали бақувват бўлган отага нисбатан кексайган деган таърифни ҳам бериб бўлмайди. Энг асосийси, отанинг юраги, шижоати ва ғайрати қаримаган. Уч фарзанднинг отажони, ўн набиранинг меҳрибон бобожони бўлган қаҳрамонимизнинг хонадонига ҳамманинг ҳаваси келади. Ҳавас қилса арзигулик қўрғон қуриш эса, осон эмас. Бунинг учун ҳаёт мактабидаги сабр-бардош, ишонч, садоқат, меҳр-муҳаббат, адолат ва саховат, тафаккур ва яхшилик фанларидан фақат аъло баҳоларга ўқиган бўлиш керак. Демак, фермер ота ва уларнинг меҳнаткаш рафиқалари Пошшахон она ана шундай аълочи инсонлардан экан.
Яна бир қизиқ маълумот борки, уни айтиш жоиз деб ўйлайман. Одатда кўпчилик бозордан тайёр кўчатларни олиб келиб, ўз ҳовлисига, боғига, томорқасига экишади. Аммо кўчатни уруғдан ундиришнинг гашти ҳам, меҳнати ҳам, шунга яраша заҳмати ҳам ўзгача. Серғайрат қаҳрамонимиз ўз даласидаги ўттиз минг туп тут кўчатини уруғдан етиштириб, Гиннеснинг рекордлар китобига кирмаган бўлсалар-да, уларнинг исми қишлоғимизнинг рекордлар китобида катта ҳарфлар билан ёзилган. Ўттиз минг туп кўчатни қўл билан ёзиш ё тил билан айтиш, хаёл қилиш осон, аммо ундириш, парвариш қилиш, уларга меҳр бериш биз ўйлаганчалик оддий иш эмас. Умри давомида бир туп кўчат экмай ўтган қанча инсонларни биламиз. Шаҳарларда кўчат экиш нималигини билмасдан қанчадан қанча болалар тарбияланяпти. Эҳҳе, уларнинг сон-саноғи йўқ. Абобакр ота эса, набираларини табиатга, хусусан кўчатларга меҳрибон, меҳнаткаш қилиб тарбиялаган. Фермер ота “Фарзандларга болаликдан меҳнат қилишни ўргатиш мукаммал тарбиянинг олтин кўринишдаги дебочасидир”, деган ҳаётий фалсафага амал қилиб яшайди.

Отанинг яна бир яхши одати бор. Ҳар тонг атроф ёришиши билан эрталабки нонуштани ҳам қилмасдан далага бориб, тутзор оралаб, кўчатлар билан гаплашиб келаркан. Ҳа, тўғри ўқидингиз, фермер ота кўчатларнинг тилини биларкан. Бу ҳақда уларнинг ўзлари шундай дейди: “Менинг эрталабки машғулотим – далага бориб, кўчатлардан хабар олиш. Бу кўчатларни бугунги ҳолига келтириш осон бўлгани йўқ. Айниқса, уруғидан ундириш ҳазилакам иш эмас. Аввалига уруғ олиш учун “Оналик майдони”ни ташкил қилдик. Пишган тут мевасидан уруғ олгандан кейин, уларни яхши ният билан ерга қададик. Шу сабабли бу ниҳоллар, бу тут кўчатлари ўз болаларимдай бўлиб қолган.
Бугунги кунда қаҳрамонимизни излаб қишлоғимизга бошқа вилоятлардан ҳам меҳмонлар келишади. Сабаби, тутчилик соҳаси кейинги йилларда анчайин оқсаб, айниқса, ипак қурти боқиш палласида пиллачиларга тут етишмаслиги муаммо туғдираётган эди. Демак, тутчиликни ривожлантирадиган фермерларга бугун юртимизда сезиларли муҳтожлик бор. Тут кўчатини етиштириш илинжида бўлганларга ота ўз маслаҳатларини, кўмак ва кўрсатмаларини беради. “Биз ҳам ўрганганмиз, демак, бошқаларга ҳам ўргатишимиз керак” дейди тиниб-тинчимас фермер.
Ёрқинжон Ҳайитбоев,
Гулистон давлат университети талабаси.