Кўчатлар етиштириш катта даромад келтиради
Андижон вилояти Избоскан тумани Ботиробод маҳалласи аҳолиси гул, манзарали ва мевали дарахт кўчатлари етиштириш ортидан катта даромад олиш ҳадисини олган.
Айни кунда Ботиробод маҳалласидаги 640 хонадонда 4 минг 200 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллани ривожлантиришнинг асосий драйвери иссиқхона хўжалиги, гулчилик, кўчатчилик йўналишлари ҳисобланади.
– Маҳалламизда гулчилик ва кўчатчиликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шу орқали оилалар даромадини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Ботиробод” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Умидахон Қамбарова. – Жорий йил бошида маҳалламизда 67 нафар ишсиз аёл қайд этилган бўлса, бугунги кунга келиб, уларнинг барчаси иш билан таъминланди. Хусусан, 3 нафар эҳтиёжманд аёлга субсидия асосида тикув машинаси олиб берилди, 56 нафар хотин-қиз маҳалладаги “бешлик” саъйи-ҳаракати билан турли идора ва корхоналарга ишга жойлаштирилди, 17 нафар аёлга деҳқончилик қилиш учун 15 сотихдан ер ажратилди. Қолган аёллар эса маҳаллада иш олиб бораётган гулчиларга бириктирилди.
–Менга субсидия асосида 1 сотих майдонга иссиқхона қуриб берилди, – дейди маҳалланинг Мангулик кўчасида яшовчи Ёрқиной Умарова. –Маҳалламизда узоқ йиллардан буён гул кўчатлари етиштирилаётган хонадондан иш ўрганиб, мен ҳам иссиқхонада гул кўчати етиштириш билан шуғулланяпман. Менга иш ўргатишди, тайёр гул кўчатларини эса ўша хонадон ўзи сотиб олади. Очиғи, қисқа муддатда шу иш ортидан мустақил даромад топиш имконига эга бўлдим.
Маҳаллада 400 га яқин хонадон манзарали, мевали ва гул кўчатлари етиштириш билан шуғулланади. Умуман, маҳаллада кўчатчилик ва гулчилик бўйича тажриба мактаби яратилган.
–Бутун оиламиз билан 15 йилдан буён гул ва манзарали дарахт кўчатлари етиштириш билан шуғулланамиз, – дейди Ботиробод маҳалласи Мангулик кўчасида яшовчи Шарифжон Аҳмедов. – Аввал хонадонимизда иш олиб борган бўлсак, кейинчалик бизга 50 сотих ер ажратиб берилди. Ана шу ерда ҳам иссиқона қуриб, ишимизни кенгайтирдик. Ҳозир павлония, 20 дан ортиқ турдаги гул ва арча кўчатларини етиштирамиз. Бу ишга маҳалладаги ишсиз кишиларни ҳам жалб этганмиз. Бунинг ортидан улар иш ўрганишади, даромад олишади. Хонадонимизда ишлаганларнинг кўпчилиги кейинчалик гулчилик билан мустақил шуғулланишни йўлга қўйишган.
Маҳалладаги қайси бир хонадонга кирманг, турфа, бир-биридан гўзал гул ва манзарали дарахт кўчатларини кўриб баҳри-дилингиз яйрайди, қўли гул, ўз ишининг миришкорларига тасаннолар айтасиз.
– Гул кўчатлари етиштириш нозик, машаққатли, лекин сердаромад иш, – дейди маҳалладаги барча гулчиларнинг устози, меҳнат фахрийси Азамжон Камолжонов. – Гул кўчатлари мавсумга қараб етиштирилади. Турли кўчатларга турлича ишлов берилади, парваришланади. Бу ишни яхши билмаган киши, яхши натижага эриша олмайди. Шу боис, ушбу иш билан шуғулланишни истаганлар соҳанинг ўзига хос, нозик жиҳатларини пухта ўзлаштириши муҳимдир. Шундагина у бу иш ортидан катта даромад топа олади.
[gallery-15265]
Бугун Ботиробод маҳалласида гулчилик, кўчатчилик ортидан катта даромад топаётган оилалар жуда кўп.
Маҳаллада етиштирилаётган гул, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари нафақат Андижон, балки республикамизнинг барча вилоятларидан келган харидорлар томонидан сотиб олинади. Бундан ташқари, кўчатлар қўшни Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон давлатларига ҳам экспорт қилинади.
Бугунги қиш кунларида ҳам маҳалладаги иссиқхоналарда иш қизғин. Гул кўчатларидан ташқари, миришкорлар мандарин, банан етиштиришни ҳам йўлга қўйишган.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари