Кўчат экиш — шунчаки акция эмас
«Яшил макон» — шунчаки кўчат экиш мавсуми ёки бир марталик акция эмас. Унинг замирида инсон ва табиат ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш, бугунги эҳтиёжлар билан эртанги авлод манфаатларини уйғунлаштириш, экологик барқарорликни таъминлаш каби муҳим мақсадлар ётади.
Зеро, дарахт — бугун экилиб, эртагаёқ натижа берадиган оддий лойиҳа эмас. Унинг сояси, ҳавони тозалаши, тупроқни шамол эрозиясидан асраши ва ҳудуд иқлимига таъсири йиллар давомида намоён бўлади. Шу маънода, ҳар бир кўчат ортида келажак учун яратилаётган экологик муҳит мужассам.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида мамлакат бўйлаб амалга оширилаётган ишлар ҳам ана шу узоқ муддатли мақсадга қаратилган. Лойиҳа кўлами кенгайиб, «Яшил боғлар», «Яшил жамоат парклари», «Яшил девор» каби йўналишлар билан бойиб бормоқда. Бу ишлар орқали аҳоли яшаш ҳудудларини кўкаламзорлаштириш, ҳаво сифатини яхшилаш, шамол ва чанг-қум бўронлари таъсирини камайтириш, ер ҳамда сув ресурсларини асраш кўзда тутилган. Сирдарё вилоятида ҳам бу борадаги ишлар кўлами салмоқли. Вилоятда баҳорги мавсумда 9 миллион 120 мингдан ортиқ мевали ва манзарали кўчат экиш белгиланган бўлса, кузги мавсумда яна 17 миллион 408 минг туп кўчат экиш режалаштирилган.
Бироқ бу рақамларга қараб, ишнинг асосий қисми бажарилди, деган хулосага келиш тўғри эмас. Чунки миллионлаб кўчатнинг ерга қадалиши — жараённинг бошланиши, холос. Асосий натижа экилган кўчатларнинг қанчаси тутиб кетиши, бир, уч ёки беш йилдан кейин қанчаси соғлом дарахт сифатида сақланиб қолиши билан белгиланади.

— Бу масала Сирдарё учун айниқса муҳим. Ҳудуднинг табиий-иқлим шароити дарахтларни парваришлашда қатор қийинчиликларни келтириб чиқаради. Сув танқислиги, тупроқнинг шўрланиши, юқори ҳарорат ва кучли шамол кўчатларнинг илдиз отишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун кўчат экишда уларнинг сонидан кўра, аввало, ҳудуд шароитига мослиги, сув билан таъминланиши ва кейинги парваришига эътибор қаратиш талаб этилади, — деди Сирдарё давлат ўрмон хўжалиги бош ўрмончиси Қувондиқ Ҳакимов.

Сирдарё давлат ўрмон хўжалигида йилига 1–1,5 миллион туп манзарали ва мевали кўчат етиштирилаётгани ҳам бу йўналишдаги ишларнинг муҳим қисмидир. Кўчатлар Ширин, Чуқурсой, Малек, Ғалаба ва Гулистон участкаларидаги бешта кўчатхонада парваришланади. Қўшимча эҳтиёжнинг бир қисми эса бошқа вилоятлардан келтирилади. Аммо кўчатнинг қаердан келтирилганидан кўра, унинг Сирдарё шароитида яшаб қолиши муҳимроқ.
Айни пайтда каталпа, тут, қайрағоч, ясин ва жийда каби дарахт турларининг маҳаллий шароитга яхши мослашаётгани қайд этилмоқда. Айрим турларда касалланиш ҳолатлари кўпайгани сабабли жунипер экиш тавсия этилмаяпти. Бу ҳолат кўчат танлашда ҳар бир ҳудуднинг иқлими, тупроғи, сув таъминоти ва экологик хусусиятларини ҳисобга олиш зарурлигини кўрсатади.
— Чегара ҳудудларида барпо этилаётган «яшил девор» ҳам бу борадаги ишларга мисол бўла олади. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 31 мартдаги қарори ижроси доирасида Сирдарё, Мирзаобод, Ховос ва Оқолтин туманларида жами 158,7 гектар ер майдони ажратилган. Ушбу ҳудудларда умумий узунлиги 84 километр бўлган ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш кўзда тутилган, — деди Сирдарё вилояти ўрмон хўжалиги директори Абдулла Болибеков.
Баҳорги мавсумда Мирзаобод туманидаги чегара ҳудудининг 5,3 километр қисмига 6 минг 800 туп қайрағоч, жийда, тут ва ясин кўчати экилди. Бундай ҳимоя ўрмонзорлари шамол эрозияси ва чанг-қум бўронлари таъсирини камайтириш, тупроқни муҳофаза қилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларини асрашда муҳим аҳамиятга эга.

Аммо бу ерда ҳам асосий савол ўзгармайди: экилган дарахтларнинг қанчаси яшаб қолади?
Маълумотларга кўра, экилган кўчатларнинг 70–80 фоизи яшаб қолмоқда. Демак, 20–30 фоиз кўчат қуриб қолиши мумкин. Миллионлаб кўчат миқёсида бу жуда катта рақам. Масалан, 15 миллион туп кўчатнинг 20–30 фоизи 3–4,5 миллион тупни ташкил этади. Бу рақамлар ортида сарфланган меҳнат, сув, маблағ ва вақт турибди.
Шунинг учун «Яшил макон» лойиҳаси самарадорлигига фақат «Қанча кўчат экилди?» деган мезон асосида баҳо бериш етарли эмас. «Қанча кўчат сақлаб қолинди?» деган савол ҳам асосий мезонлардан бирига айланиши керак.

Бу борада кўчатларни парваришлаш ва уларнинг яшовчанлигини таъминлашдаги мавжуд муаммоларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Сирдарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Нўъмонов ҳам бу масаладаги камчиликлар ва уларни бартараф этиш чоралари хусусида тўхталиб ўтди.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган кўчатларни парваришлаш ва уларнинг яшовчанлигини таъминлаш борасида айрим муаммолар ҳам мавжуд. Жумладан, баъзи ҳудудларда кўчатларни суғориш тизими етарли даражада йўлга қўйилмаган. Шунингдек, кўчатлар экилгандан сўнг уларни, айниқса, ёзнинг жазирама кунларида мунтазам суғориш ва парваришлаш учун масъул шахслар бириктирилмагани оқибатида ниҳолларнинг қуриб қолиши ҳолатлари кузатилмоқда.
Бошқарма мутахассислари томонидан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган кўчатларни парваришлаш ва уларнинг яшовчанлигини таъминлаш юзасидан ўтказилган мониторинг тадбирлари давомида жиддий камчиликлар аниқланди. Жумладан, 2025 йилда кўчатларни парваришлаш талабларини бузганлик ҳолатлари бўйича 189 нафар шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддасининг 4-қисмига асосан жами 657 миллион 30 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган.
2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойи давомида эса мазкур ҳуқуқбузарликлар учун 261 нафар шахсга нисбатан жами 950 миллион 149 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган.
Кузги мавсумда бошланиши режалаштирилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирларини ташкил этишда ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аввало, экиладиган кўчатларни суғориш имкониятларини яратиш, уларни мунтазам парваришлаш учун масъул шахсларни белгилаш ҳамда ниҳолларнинг ўсиб-ривожланишини доимий назорат қилиб боришга жиддий аҳамият берилмоқда.
«Асосий мақсадимиз — лойиҳа доирасида экилаётган ҳар бир кўчатнинг яшовчанлигини таъминлаш, атроф-муҳитни яшилликка буркаш ва аҳоли учун тоза, соғлом экологик муҳит яратиш», — деди Шуҳрат Нўъмонов.

Кўчатларни экиш билан бирга, уларни кейинчалик парваришлаш ва сақлаб қолиш чораларини кўриш ҳам муҳим. Айрим ташкилотларга кўчатлар шартнома асосида етказиб берилмоқда. «Мурувват» уйлари, кам таъминланган оилалар, шунингдек, айрим мактаблар, боғчалар ва шифохоналарга 500 минг туп кўчат беғараз берилмоқда. Фақат 2026 йилнинг ўзида таълим тизимига 61 минг 800 дона манзарали ва мевали кўчат етказилган. Энди уларнинг қаерга экилгани, қанчаси тутиб кетгани ва парвариши қандай йўлга қўйилгани ҳақидаги маълумотлар ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Кўчатларни экологик платформада рўйхатга олиш ва уларнинг ҳолатини назорат қилиш жараённи тизимлаштиришга хизмат қилиши мумкин. Бироқ назоратнинг ўзи етарли эмас. Унинг натижалари аниқ кўрсаткичлар асосида баҳоланиши, қуриб қолган кўчатларнинг сабаблари ўрганилиши ва зарур ҳолларда уларнинг ўрни қайта тўлдирилиши керак.
Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил 21 сентябрь куни «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган тақдимотда ишлар самарадорлигини экилган кўчатларнинг бир, уч ва беш йилдан кейинги ҳолати асосида баҳолаш зарурлигини таъкидлади. Бу ёндашув масаланинг моҳиятини аниқ белгилаб беради: кўчат экиш — мақсад эмас, балки натижага олиб борувчи биринчи қадам.
Чунки дарахтнинг экологик самараси бир мавсумдаёқ намоён бўлмайди. Унинг сояси, ҳавони тозалаши, тупроқни ҳимоя қилиши ва ҳудуд микроиқлимига таъсири йиллар давомида шаклланади. Шу сабабли кўчатнинг келажаги уни экишдан кейинги парваришга бевосита боғлиқ.

Энди Сирдарёда кузги кўчат экиш мавсуми бошланмоқда. Вилоят бўйича жами 17 миллион 408 минг туп дарахт ва бута кўчати экиш режалаштирилган. Жумладан, Боёвут туманига 2 миллион 170 минг, Гулистон туманига 2 миллион 140 минг, Мирзаобод туманига 2 миллион 200 минг, Оқолтин туманига 2 миллион 140 минг, Сардоба туманига 2 миллион 90 минг, Сайхунобод туманига 2 миллион 130 минг, Сирдарё туманига 2 миллион 166 минг ва Ховос туманига 2 миллион 130 минг туп кўчат экиш белгиланган. Шунингдек, Гулистон шаҳрида 106 минг, Янгиер шаҳрида 86 минг ва Ширин шаҳрида 50 минг туп кўчат экилади.
Бу рақамлар, албатта, катта кўламни англатади. Аммо уларнинг ҳақиқий қиймати йиллар ўтиб билинади. Бугун ерга қадалаётган 17 миллион 408 минг туп кўчатнинг қанчаси дарахтга айланади? Қанчаси соя беради? Қанчаси ҳавони тозалайди? Қанчаси тупроқни шамол эрозиясидан асрайди? Ҳақиқий натижа ана шу саволларга берилган жавобда намоён бўлади.
Шу боис кузги мавсумдаги энг муҳим вазифа кўчат экишнинг ўзи эмас, балки ҳар бир кўчатнинг яшовчанлигини таъминлашдир. Ҳудудга мос турларни танлаш, ерни тайёрлаш, ўз вақтида суғориш, касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш, қуриб қолган кўчатлар ўрнини тўлдириш ҳамда уларни дастлабки йилларда мунтазам парваришлаш ягона ва узлуксиз жараён сифатида ташкил этилиши лозим.
Сирдарёда ҳар йили миллионлаб кўчат экилади. Агар уларнинг ҳар бири ўз вақтида суғорилиб, парваришланса, бугунги ниҳоллар эртага йўллар бўйидаги соя-салқин дарахтзорларга, маҳаллалардаги яшил ҳудудларга, ҳимоя ўрмонзорларига ва одамлар ҳавас қиладиган гўзал манзилларга айланиши мумкин.

Зеро, «Яшил макон», «Яшил боғлар», «Яшил жамоат парклари» ва «Яшил девор» — шунчаки лойиҳалар ёки мавсумий акциялар эмас. Улар табиатга муносабат, инсон саломатлиги ва келажак авлод олдидаги масъулият ифодасидир.
Бугун экилган кўчат — эртанги дарахт. Аммо уни дарахтга айлантириш учун экишнинг ўзи кифоя қилмайди. Бунинг учун эътибор, сув, парвариш ва вақт керак. «Яшил макон»нинг ҳақиқий самараси ҳам айнан шунда намоён бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири