Кўчат экиш акцияси ўтказилди
Андижон шаҳрида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш акцияси ўтказилди.
Президентимиз ташаббуси билан юртимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида кўчат экиш, яшил ҳудудлар барпо этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Андижон шаҳрида лойиҳа доирасида баҳор мавсумида кўчат экиш ишлари бошланиши муносабати билан ўтказилган акция ана шу йўналишдаги тадбирлардан бири бўлди.
[gallery-21583]
Сектор раҳбарлари, корхона, ташкилот ва муассасалар вакиллари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар иштирокида акция очилишига бағишланган тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўзга чиқди. Унда кўчат экиш, боғлар, яшил ҳудудлар барпо этиш халқимизнинг эзгу ва хайрли ишларидан бири, қолаверса, бу борадаги ишларни ўз вақтида, сифатли амалга ошириш, ушбу жараёнда ҳар бир фуқаронинг фаол иштирок этиши муҳим эканлигини таъкидлади.
Шу куни Андижон шаҳридаги 78 та маҳаллага экиш учун 15,5 минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари тарқатиб берилди, зарур техника воситалари жалб этилди.
Андижон шаҳрида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил баҳор мавсумида 280,5 минг туп 30 дан ортиқ турдаги мевали ва манзарали дарахт, гул ва бута кўчатлари экилиши белгиланган.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари