Кўчадан топилган қимматбаҳо буюм қонунан кимда қолиши керак?
Ҳуқуқий муносабат
Агар бу холатда буюм бино ичидан, жумладан, савдо мажмуаси, ресторан ёки транспортда топилган бўлса, у ўша бино ёки транспорт раҳбариятига (эгасига) топширилиши лозим. Улар буюмнинг эгасини топиш бўйича топиб олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўз зиммасига олади.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу борада қуйидагиларни маълум қилди:
-Фуқаролик кодексининг 192-моддасига кўра, топилган ашё қайтарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс номаълум бўлса ёки унинг манзили маълум бўлмаса, ашёни топиб олган шахс топилма тўғрисида ички ишлар органига, тегишли давлат органларига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига маълум қилиши шарт.
Агар топилманинг эгаси ариза билан мурожаат қилмаса, фуқаролик кодексининг 193-моддасига кўра, агар йўқолган ашёни олишга ҳақли бўлган шахс топилма тўғрисида ички ишлар органига ёки тегишли давлат органига хабар қилинган пайтдан эътиборан олти ой мобайнида аниқланмаса ҳамда ашёни топган шахсга ёхуд ички ишлар органига, тегишли давлат органига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ушбу ашёга бўлган ўз ҳуқуқи тўғрисида арз қилмаса, ашёни топиб олган шахс унга эгалик ҳуқуқини олади.
Демак, топиб олинган қимматбаҳо буюмнинг эгаси 6 ой ичида топилмаса мулк ҳуқуқи уни топган одамга ўтади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА