Кўча безорилари терговда сўроқ қилинмоқда
Қоракўллик кўча безорилари қонун олдида жавоб беради. Бу ҳақида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Қоракўл тумани ИИБ томонидан берилган маълумотга кўра, 2022 йил 24 ноябрь куни соат тахминан 20:30 ларда, Қоракўл тумани “Янгибозор” маҳалласида яшовчи бир гуруҳ шахслар Олот тумани “Халифа” маҳалласида жойлашган “Ширин бобо” тўйхонасида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, бирор сабабсиз Олот тумани “Чорбоғ” маҳалласида яшовчи 1998 йилда туғилган фуқаро билан ўзаро келишмовчилик натижасида жанжаллашади.
Жанжал вақтида унинг танасига қўл мушти билан қасддан бир неча маротаба уриб, оёқлари билан тепиб унга судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра бош мия чайқалиши билан давом этган бурун суягининг ёпиқ синиб силжиши, чап кўз юқори ва пастки қовоқ соҳасидаги қонталашлари, бурун қиррасидаги шилинишлари, бўйин чап томон ва олд юзасидаги шилинишлари каби жароҳатлар билан соғлиғининг бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳатларини етказиб, безорилик жиноятини содир қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА