Кластер тизими амалда ўзини тўла оқламоқда
Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш, соҳада давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни замонавий техникалар билан таъминлаш ишлари кечиктириб бўлмайдиган асосий вазифамизга айланган.
Бу борадаги ишларни бажарилишида 2020-2030 йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясида белгиланган вазифалар дастурий ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.
Дунё ҳамжамиятида, жумладан, минтақамизда ҳам иқлим ўзгаришлари, сув ресурсларининг кескинлашиб бораётган тақчиллиги, экологик муаммолар фан ва ишлаб чиқариш синтезини таъминлашнинг долзарблигини оширмоқда.
Соҳада сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш борасида ҳам етарлича амалий тажрибага эга бўлдик.
Шу жойда, “Нега бу ишларни олдинроқ бажармадик?” деган ўринли савол туғилади. Сабаби оддий, йиллар давомида қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий ёндашувлар ва амалий тажриба бир бирига тўғри келмаган десак бу ҳам ҳақиқат. Бунда ҳар бир қарор ва ёндашув эса амалий тажрибага таянган ҳолда қабул қилинганлиги бугун ўз натижасини бермоқда. Сабаби дунёқараш ўзгарди, илм ва амалиёт узвий бирлашди. Соҳа жадал суръатларда ривожланиб янгича ёндашувлар кластер, рақамли технология ва ақлли қишлоқ хўжалиги каби атамалар кириб келди.
Замонавий фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалигидаги янги қўлланмалар бир неча ўн йиллар аввалгидан анча фарқ қилади. Бу энг аввало технология, жумладан сенсорлар, қурилмалар, машиналар ва ахборот технологияларидаги ютуқлар туфайли. Бугунги қишлоқ хўжалигида роботлар, ҳарорат ва намлик сенсорлари, ҳаво тасвирлари ва ГПС технологияси каби мураккаб технологиялардан мунтазам фойдаланилади. Ушбу илғор қурилмалар ва нозик қишлоқ хўжалиги ва робот тизимлари корхоналарга янада даромадли, самаралироқ, хавфсизроқ ва экологик жиҳатдан қулайроқ бўлишга имкон беради.
Сўнгги ўн йил ичида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги хом ашёсига жаҳон талаби мисли кўрилмаган даражада кўтарилди. Шунга кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан жаҳон савдоси ҳам ошди. Ривожланаётган мамлакатлар ва ривожланаётган иқтисодиётлардаги юқори даромадлар ҳам бу ерда рол ўйнайди.
Дунё аҳолисининг қарийб ярми қишлоқ жойларда яшайди. Демак, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришга бевосита боғлиқ. Шунга қарамай айрим мамалакатлардаги қишлоқ жойларида очлик ва қашшоқлик ҳамон ҳукм сурмоқда. Бугунги мураккаб вазиятда соҳада чуқур билим ва амалий тажрибага таянган ҳолда дунё бозорига кириб бориш, экспортбоп ва экологик табиий маҳсулот етказиш биз каби тадбиркорларнинг асосий вазифамиздир.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти йил сайин сезиларли даражада кўпаймоқда. Бироқ, экспорт маҳсулотларининг хилма-хиллиги нисбатан пастлиги сақланиб қолмоқда. Аксарият ҳамкор давлатлар эса озиқ-овқат эҳтиёжларини қондириш учун озиқ-овқат импортига таянади.
Тадбиркорлик субъектларининг узоқ муддатли истиқболда рақобатбардош бўлиб қолиши учун қишлоқ хўжалигида хусусий сектор тузилмаларини рағбатлантириш, ривожланиш кооперацияси иштирокчилари ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик орқали хусусий маблағларни сафарбар этиш ва молиялаштириш имкониятларидан фойдаланишни таъминлаш зарур.
Ш.Джалолов,
Олий Мажлис сенати аъзоси,
Самарқанд вилоят Кенгаши депутати.