Китобхонлик маданияти ва рақамли кутубхона имкониятлари
Бугунги ахборот асрида китоб ва мутолаанинг инсон тафаккури, маънавий дунёси ҳамда жамият тараққиётидаги ўрни янада ортиб бормоқда. Зеро, замонавий технологиялар қанчалик ривожланмасин, китоб инсонни мустақил фикрлашга, билим олишга ва дунёқарашини кенгайтиришга ундайдиган муҳим маънавий манба бўлиб қолаверади.
Шу боис мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан китобхонлик маданиятини юксалтириш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг мутолаага қизиқишини ошириш, ахборот-кутубхона муассасаларини замонавий талаблар асосида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада кутубхоналарни нафақат китоб сақланадиган маскан, балки билим, маърифат, ахборот ва инновациялар марказига айлантириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Айни мақсадларга хизмат қилувчи “INFOLIB O‘ZBEKISTON–2026” XV Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги олдидан Бухоро вилояти ахборот-кутубхона марказида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда жорий йилнинг 16–20 ноябрь кунлари ташкил этиладиган ҳафталик дастури, унинг мазмун-моҳияти ва асосий йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, ҳафталик доирасида илмий конференциялар, семинар-тренинглар, китоб тақдимотлари, ижодий учрашувлар ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу тадбирларда ахборот-кутубхона соҳаси мутахассислари, олимлар, ижодкорлар, ёшлар ва кенг китобхонлар жамоатчилигининг иштироки кўзда тутилган.
Матбуот анжуманида мамлакатимизда ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш, муассасалар фаолиятига замонавий рақамли технологияларни жорий этиш, сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда китобхонлик маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам сўз юритилди.

Айниқса, бугунги кунда кутубхоналар фаолиятини рақамлаштириш, электрон ахборот ресурсларини кўпайтириш ва фойдаланувчиларга масофадан туриб хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш соҳанинг янги тараққиёт босқичини белгиламоқда. Бундай ёндашув китобхонларга зарур адабиёт ва маълумотлардан тезкор фойдаланиш, кутубхона хизматларини янада қулайлаштириш билан бирга, мутолаа имкониятларини ҳам кенгайтиради.
Зеро, замонавий кутубхона бугун фақат китоб олиб ўқиладиган жой эмас. У инсоннинг интеллектуал салоҳиятини оширадиган, илмий изланишлар ва ижодий ташаббусларни қўллаб-қувватлайдиган, ёшларни эзгу ғоялар атрофида бирлаштирадиган маърифий маскандир.
Анжуман давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, шунингдек, ахборот-кутубхона хизмати сифатини ошириш, китобхонлар аудиториясини кенгайтириш ва соҳани янада ривожлантиришга оид таклиф-мулоҳазаларини билдирдилар.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири