Китобхон талабалар учун “Book Cafe” хизмати йўлга қўйилди
Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида талабаларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш ва китоб ўқиш маданиятини ривожлантириш мақсадида янги лойиҳа амалга оширилди. Янгиер шаҳар Ахборот-кутубхона маркази ҳамда филиал Ахборот-ресурс маркази ҳамкорлигида ташкил этилган “Book Cafe” ўз фаолиятини бошлади.
Очилиш маросимида филиал директори Зафар Ҳакимов, шаҳар нуронийлари, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар иштирок этиб, янги масканнинг аҳамияти ҳақида фикр алмашдилар. Тадбирда таъкидланишича, “Book Cafe” талабалар учун нафақат дам олиш жойи, балки китоб мутолааси, ижодий учрашувлар, лойиҳалар устида ишлаш ва ўзаро фикр алмашиш учун қулай муҳитни ҳам яратади.

Зафар Ҳакимовнинг таъкидлашича, бу каби лойиҳалар ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилиб, уларни китобхонликка янада яқинлаштиради. Масканда замонавий интерьер, ўқиш бурчаклари, электрон ва босма адабиётлар, Wi-Fi имконияти талабалар учун ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратади.

Эътиборлиси шундаки, “Book Cafe” концепцияси дунёнинг кўплаб мамлакатларида ёшлар орасида анчадан бери оммалашган. 2000-йиллар охири ва 2010-йиллар бошларида Европа ва АҚШда кенг тарқалган ушбу тенденция кейинчалик Марказий Осиё ва Ўзбекистонга ҳам кириб келди. Бугунги кунда Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби йирик шаҳарлардагина эмас, балки кичик шаҳарчаларда ҳам бундай креатив масканларнинг пайдо бўлаётгани ёшлар орасида интеллектуал муҳитга бўлган талаб ортиб бораётганини кўрсатади.


Шу маънода, Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида йўлга қўйилган “Book Cafe” лойиҳаси талаба-ёшларнинг маънавияти, дунёқараши ва ижодий фаоллигини оширишга хизмат қилиши билан муҳим. У ёшларни китобхонликка жалб этиш, уларга учун фикр алмашиш ва ижод қилиш учун қулай маскан яратишда аҳамиятли қадам ҳисобланади. Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, бу ерда келгусида китоб тақдимотлари, адабий кечалар, ижодий учрашувлар ва махсус суҳбатлар ўтказилиши режалаштирилган.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири