Китоб яқин дўстимизга айлансин
Илм, тафаккур ўзликни англаш, дунёни идрок этишнинг муҳим воситалари ҳисобланади.
Илм, тафаккур ўзликни англаш, дунёни идрок этишнинг муҳим воситалари ҳисобланади. Давлат қудрати ва юрт тараққиёти асосида ҳам илм-фан, маърифат, юксак маънавият ётади. Илм ва маърифат манбаи эса албатта, китоб ва кутубхонадир.
Доимий китоб мутолаа қилган, бой маънавий меросдан баҳраманд бўлган ҳар бир инсон қалби илм ва маърифат нурлари билан бақувват бўлади. Шунинг учун ҳам юртимизда китоб ўқиш, мутолаа маданиятини юксалтириш, китоблар нашр этиш масалалари, шунингдек, мавжуд китобларни келажак авлодга сифатли етказиш вазифасини бажариб келаётган кутубхоналар фаолияти ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни қарийб бир асрдан кўпроқ тарихга эга З. М. Бобур номидаги Андижон вилояти ахборот кутубхона маркази фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Аҳолининг кутубхоналардан эркин фойдаланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, сақланаётган миллий-маданий меросни асраб-авайлаш, китоб жамғармасини бойитиш бўйича ҳам марказда самарали ишлар олиб борилмоқда. Шунга ҳамоҳанг халқимизнинг китобхонликка муносабати ҳам ўзгариб бормоқда. Бошқача қилиб айтганда, китобнинг “обрў”си ошмоқда. Китоб — бебаҳо бойлик эканини, мутолаа жараёнида инсон қалби, онги ва тафаккурида юз берадиган ўзгаришларни бошқа бирор машғулот бера олмаслигини кўпчилик англаб етмоқда.
Қарийб бир асрдан кўпроқ тарихга эга ахборот кутубхона маркази вилоят аҳолисига илму маърифат улашиб келаётган зиё масканларидан бири бўлган ушбу муассаса 1907 йилда 389 нусха китоб билан ташкил этилган. Бугунги кунга келиб кутубхонамиз фондида 855 минг нусхадан ортиқ китоб мавжуд, қолаверса, 28 минг нафардан зиёд китобхон марказимиз хизматидан мунтазам фойдаланувчилар ҳисобланади.
Йил давомида марказга ўртача 112 мингдан ортиқ китобхон ташриф буюриб, 1 миллионга яқин китоб, газета ва журналлардан фойдаланади. Уларнинг китоб ўқиб билим олиши, вақтини мазмунли ўтказиши учун ўқув заллари, электрон кутубхона бўлими, ёшлар билан ишлаш, ўлкага оид, ҳуқуқий адабиётлар секторлари, хорижий тилларни ўрганиш залларида барча шароит яратилган. Бундан ташқари, “Кутубхона иккинчи оилам” клуби ташкил этилган.
Китобхонларга масофадан хизмат кўрсатиш учун китобларни рақамлаштириш, электрон каталогни шакллантириш, маълумотлар ва тўлиқ матнли маълумотлар базаларини яратиш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Яратилган электрон маълумотлар базаси орқали вақти бўлмай ёки бошқа сабабларга кўра кутубхонага келолмайдиган китобхонларга масофадан хизмат кўрсатилади. Уларга қизиқишлари ва сўровлари асосида интернет орқали зарур ахборотлар, электрон шаклдаги адабиётларни етказиб бериш йўлга қўйилган. Умуман, марказда турли лойиҳаларни амалга ошириш орқали аҳолини кутубхонага жалб қилиш, китобхонлар сафини кенгайтириш ва хизмат сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Коронавирус пандемияси туфайли мамлакатимизда жорий этилган карантин шароитида китоб юртдошларимизнинг яқин дўстига, ҳамроҳига айланиши керак. Бугун касаллик юқиши ва тарқалишининг олдини олиш чоралари доирасида таълим муассасалари, кўплаб корхона ва ташкилотларга таътил берилган. Барчадан имкон қадар уйда қолиш, карантин тартибларига амал қилиш сўралмоқда. Шу кунларда аксарият юртдошларимиз, ўқувчи ва талабалар шубҳасиз, кўп вақтларини китоб ўқиш билан ўтказмоқда.
Марказимиз жамоаси мана шу синовли кунларда китобхонларимизни зерикиб қолмасликлари, уларга қулай бўлишини таъминлаш учун масофадан туриб хизмат кўрсатишни йўлга қўйди. Хусусан, марказимиз томонидан ижтимоий тармоқларда: электрон китоблар ўқиш учун https://t.me/qrcode_kitoblar, аудио эртаклар учун https://t.me/audio_ertaklar, онлайн ўйинлар ўйнаш учун https://t.me/akmkvest, буюк алломалар ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумотлар олиш учун https://t.me/buyuklar_azizdir_har_on, янгиликлар билан танишиш учун https://t.me/AndijonAKM, аудио шеърлар учун https://t.me/audio_sherlaruz, аудио ривоят ва ҳикоялар эшитиш учун http://t.me/akm_rivoyatlar, китобга буюртма бериш учун http://t.me/kitoboling каналлари очилди.
Мен бугунги синовли кунларда юртдошларимизга мурожаат қилмоқчиман. Халқимиз азалдан турли синовларни сабр-қаноат, ирода билан енгиб ўтган. Ушбу синовдан ҳам албатта, эсон-омон ўтамиз. Фақат ваҳима қилмасдан, белгиланган тартибларга қатъий амал қилишимиз керак. Шу ўринда буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Синонинг “Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир, хотиржамлик ярим соғликдир, сабр эса шифонинг бошланишидир” деган сўзларини эсламоқ жоиз. Демак, хотиржамлик, аҳиллик билан иш тутсак, дунёни таҳликага солиб турган офат устидан ғолиб бўламиз.
Қадрли юртдошлар, бугун уйда қолиб, фарзандларимизни ёнимизга олиб ўзимиз ёқтирган, бизга сабоқ берадиган китобларни ўқийлик. Зеро китоб ўқиш, илм-маърифат инсонни юксакликка етаклайди.
Гулнорахон ИСМОИЛОВА,
Бобур номидаги Андижон вилояти
ахборот кутубхона маркази директори