Китоб тақдимоти
Ҳар бир даврнинг ўз қиёфаси бор, албатта. Давр билан ҳамнафас яшаб, юрт тўкинчилиги йўлида хизмат қилганларни улуғлаш миллий қадриятларнинг бир бўғинидир.
Қарши давлат университетида “Қашқадарёнинг фахрли фарзандлари” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Монография 23 бўлимдан иборат бўлиб, унда турли соҳаларда эл-юрт тараққиётига юксак улуш қўшган фидойи инсонлар меҳнати ва улар эришган ютуқлар ҳақида маълумотлар берилган.



–Ушбу монография кечаги тарихимизнинг ёрқин кўзгусидир, – дейди сўзга чиққан Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси, профессор Абдураҳим Эркаев. – Қатағон даврининг қурбонлари, Иккинчи жаҳон урушида фашист босқинчиларига қарши жон олиб, жон бериб курашган жангчилар қисмати, меҳнат қаҳрамонларининг мамлакат иқтисодиёти тараққиёти йўлида матонати, турли даврда раҳбар бўлиб ишлаган ва юрт ободлиги учун курашган заҳматкаш инсонлар ҳаётига чизгилар, шу билан бирга фан-техника, адабиёт, санъат, маданият фидойиларининг бугунги авлодга фахр туйғусини берадиган улкан хизматлари эътироф этилганлиги бизни қувонтиради. Монография яратилишида айрим фидойи инсонлар ҳаётига доир маълумотларни тўплашда қийинчиликлар туғилганлигини яшириб бўлмайди. Ҳатто архивларда улар ҳақида маълумотлар топиб бўлмаганлиги, аммо изланишлар, суриштирувлар орқали тегишли далилларга эга бўлинганини таъкидлаш жоиздир. Нима бўлганда ҳам ушбу монография қашқадарёликлар учун муҳим манба бўлиб қолади. Йиллар ўтиши билан бу монография янада катта аҳамият касб этишига шак-шубҳа йўқ.


Тақдимотда қашқадарёлик Ўзбекистон Қаҳрамонлари Муҳаббат Шаропова, Абдумурод Бозоров, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси Комила Каромова, профессорлар Муродилла Нормуродов, Юлдуз Эргашева, вилоят суди, вилоят прокуратураси, вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда соғлиқни сақлаш фахрийлар кенгашлари раислари ва қатор ижод аҳли вакиллари сўзга чиқиб, бу хайрли иш вилоят халқига қимматли туҳфа эканлигини таъкидлашди.

Монография муаллифи Саъдулла Бобоқулов келгусида китобнинг кейинги томларини давом эттиришини таъкидлаб, фикр-мулоҳазалар учун миннатдорчилик билдирди.
Ўроз Ҳайдар,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир.
ЎзА